20:20 / 07.02.2018
13322

Гидлар билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал қилинмоқда?

Фото: Халқаро пресс клуб

Ўзбекистонда энг катта муаммолардан бири - бу гидларнинг етишмаслиги. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А.Абдуҳакимов Халқаро Пресс-клуб томонидан ташкил этилган очиқ мулоқотда гидлар билан боғлиқ муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари, шунингдек юртимизда аудиогидлар хизматининг йўлга қўйилиши ҳақида маълум қилди.

"Тарихий обидаларга гид билан ташриф буюрган бошқа, ўзи саёҳат қилган бошқа. Биз гидларни тайёрлаш бўйича коллежларимизга янги тизимларни ўрнатмоқчимиз. Сингапур институти, бошқа ОТМларда гидларни тайёрлаш квотаси кўпайтирилмоқда", - дейди раис. 

Унинг сўзларига кўра, гидлар, албатта 2-3 та хорижий тилларни билиши керак, зеро бизда ички сайёҳлардан ташқари, ташқи сайёҳлар ҳам бор. 

Шу ўринда туризм соҳасида ишлаш истагида бўлган ёшларга мурожаат қилинди. "Яхши иш топмоқчи бўлсангиз, чет тили ва тарихни ўрганишингиз керак, яхши билишингиз керак". Юрт тарихини бошқа тилларда ҳам қизиқарли қилиб етказа оладиган ва барчани бирдек жалб қила оладиган гидлар ҳамиша талабгор бўлади. 

Бундан ташқари, тадбирда аудиогидлар ҳақида сўз юритилди. "Биз смарт-туризмга катта эътибор қаратяпмиз. Бу ишларни давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигида амалга ошириш мумкин. Аудиогидлар бўйича бир компания билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Уларга барча тарихий обидаларимиз ҳақида матнлар бердик, шу матнлар чиройли қилиб ўқилиб, жорий туристик мавсумда аудиогидлар хизматидан фойдаланиш мумкин бўлади", - деди А.Абдуҳакимов.

Top