Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигининг устувор йўналишлари белгилаб олинди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остонада бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳатлашув учрашувида сўзлаган нутқида қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этиш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олишни таклиф этди:
1. Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳасида самарали минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш учун янги захира ва амалий механизмларни излаш;
2. Савдо-иқтисодий, инновация, инвестиция, транспорт-коммуникация, банк-молия, сув-энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги шериклик бўйича аниқ дастурлар – “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш;
3. Энг долзарб халқаро ва минтақавий масалалар бўйича кенг фикр алмашиш, улар бўйича умумий позицияни келишиб олиш ҳамда уни кейин БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида илгари суриш.
"Ўтган йил ноябрь ойида Самарқандда БМТ шафелигида ўтган халқаро конференция шуни кўрсатдики, тизимли мулоқот, барча томонларнинг манфаатларини инобатга олиш ва оқилона муроса асосида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ушбу конференция якунида биз биргаликда БМТ Бош Ассамблеясига махсус резолюция қабул қилиш бўйича мурожаат қилдик. Ана шу ҳужжатнинг қабул қилиниши Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва изчил тараққиётни таъминлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизнинг халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланишига эришиш имконини беради", - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Шу ўринда давлат раҳбари Ўзбекистон минтақа давлатлари билан очиқ, ўзаро манфаатли ва яқин ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини яна бир бор қайд этди. Бу мамлакат ташқи сиёсатидаги энг асосий устувор йўналиш экани таъкидланди.
Минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича аниқ механизмлар борасида Ўзбекистоннинг нуқтаи назари хусусида сўз юритилди.
Биринчидан. Минтақадаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш.
Қуйидагилар ушбу вазифани амалга оширишнинг энг муҳим асосларидир:
- мамлакатларимиз ўртасидаги эркин савдо тартибининг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйиш;
- чегара олди ҳудудлардаги савдони, ишлаб чиқариш кооперациясини жадал ривожлантириш, шунингдек, мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш.
"Бу том маънода улкан салоҳиятга эга бўлган йирик минтақавий бозорни шакллантириш имконини беради.
Қўшма дастурлар ишлаб чиқиш учун жорий йилда Тошкентда биринчи Минтақавий иқтисодий форум ўтказишни таклиф этамиз. Бу мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ва етакчи хорижий инвесторлар ўртасида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш учун бевосита мулоқот ўрнатиш имконини яратади", - деди президент.
Иккинчидан. Марказий Осиё минтақасининг транзит-логистика салоҳиятини тубдан ошириш – саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришни тақозо этадиган ғоят муҳим стратегик йўналишдир.
Марказий Осиёни йирик денгиз портлари ва жаҳон бозорлари билан боғлаш имконини берадиган транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш биз учун устувор йўналиш бўлиши лозимлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан қуйидагиларни таклиф этилди:
- Халқаро танспорт ва транзит йўлаги тўғрисидаги Ашхобод битими доирасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Марказий Осиё – Форс кўрфази трансминтақавий йўналишидан самарали фойдаланиш;
- Жанубий Осиёга чиқадиган Трансафғон йўлагини шакллантириш, шунингдек, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобиль ва темир йўл магистралларини қуришга киришиш;
- Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида россиялик шериклар томонидан таклиф этилган ШҲТ йўлларини ривожлантириш дастурини келишишни тезлаштириш ва қабул қилиш.
Шу билан бирга, божхона ва маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш ва унификация қилиш, юкларни ташиш ва уларнинг транзити бўйича икки томонлама имтиёзли тарифларни шакллантириш бўйича ўзаро келишилган чора-тадбирларни қабул қилиш бугунги кундаги кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.
"Ана шу умумминтақавий вазифаларни амалга ошириш мақсадида биз жорий йилнинг октябрь ойида Тошкентда “Марказий Осиё халқаро транспорт коридорлари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ўтказишни режалаштирганмиз. Ушбу анжуманда Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидан вакиллар фаол иштирок этишига ишонамиз", - деди Мирзиёев.
Учинчидан. Марказий Осиё халқларининг фаровонлиги ва бутун минтақанинг иқтисодий тараққиёти азал-азалдан сув ресурслари билан қанчалик таъминлангани билан боғлиқ бўлган. Фақат биргаликда ҳаракат қилиб, ушбу муҳим масаланинг ҳақиқий ечимини топишимиз мумкин.
Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича мамлакатларимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифадир.
Тўртинчидан. Самарали минтақавий ҳамкорликнинг асосий шартларидан бири – маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат.
Минтақада дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро англашув ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашда бу соҳанинг ўрни ва роли беқиёсдир.
Қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қилиш доимо эътиборимиз марказида бўлиши лозим:
- таълим ва илм-фан соҳасида, жумладан, олий таълим муассасаларимиз ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш;
- минтақада ички туризмни ривожлантириш ва ҳамкорликда ишлаб чиқариладиган сайёҳлик маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш;
- мамлакатларимиз аҳолисининг кўп қисмини ёшлар ташкил этишини инобатга олиб, ёшлар ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш.
Шу ўринда минтақамиз мамлакатлари делегациялари жорий йил июнь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ёшлари форумига таклиф этилди.
Бундан ташқари, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг қатор муҳим масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Биринчидан. Давлат чегараларини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича йўлга қўйилган ўзаро ишларимизни изчил давом эттиришимиз зарур. Чегараларимиз дўстлик ва яхши қўшничилик кўпригига айланишига астойдил ишонаман.
Иккинчидан. Бугунги кунда минтақа мамлакатлари терроризм, диний экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва наркотрафик таҳдидларига дуч келмоқда. Ушбу хатарларга қарши фақат саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқалигина самарали курашиш мумкин.
Шу муносабат билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва махсус хизматлар йўналишида амалий ҳамкорликни ва ўз вақтида ахборот алмашишни давом эттириш жуда муҳим ва долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.
Учинчидан. Экстремизм мафкурасига қарши курашиш, шу мақсадда аҳоли, аввало ёшларга ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини етказиш энг муҳим вазифадир. Шу муносабат билан Ўзбекистонда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Ислом академиясини ташкил этдик.
Тўртинчидан. Марказий Осиёнинг барқарор ва изчил тараққиётини таъминлаш қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш билан узвий боғлиқ. Бу муаммони ҳал этишда тинч музокаралар ўтказишдан бошқа муқобил йўл йўқ эканини эътиборга олиб, Ўзбекистон ва Афғонистон жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция ўтказиш тўғрисида ташаббус билан чиқди. Биз ана шу ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларидан миннатдормиз, бу умумий манфаатларимиз учун жуда муҳим аҳамиятга эга.
Бешинчидан. Биринчи навбатда чегараолди ҳудудларда фавқулодда ҳолатлар, техноген ва экологик фалокатлар, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг вужудга келишига қарши ўз вақтида ҳаракат қилиш бўйича ҳамкорлик механизмларини яратиш зарур", - дея таъкидлади Ўзбекистон президенти.
Мавзуга оид
20:54 / 11.11.2024
Қозоғистон баҳорда Марказий Осиё давлатларидан 11 миллиард куб метр сув олади
16:34 / 08.11.2024
Россия Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини истайди — Путин
22:15 / 25.10.2024
БМТ Марказий Осиёни «Тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди» деб эълон қилди
20:43 / 17.10.2024