Нима учун аксарият самолётларнинг креслолари кўк рангда?
Ҳеч самолётлардаги креслоларнинг рангига эътибор қаратганмисиз? Улар деярли доим кўк рангда бўлади, истисно ҳолатлар жуда камдан-кам учрайди. Бу ранг осмон билан боғланишини тахмин қилиш мумкин, бироқ барчаси биз ўйлагандек оддий эмас. Аниқроғи, оддий, лекин кутилмаган. AdMe.ru бу сирнинг тагига етишга ҳаракат қилиб, унинг жавобини ўқувчилар билан бўлишди. Мақола охирида эса сизни ёқимли бонус кутмоқда: унда самолётда энг яхши жой қайси эканига доир маълумот берилади.
Нима учун улар кўк рангда?
Илк кўк рангдаги креслолар самолётларда бир неча ўн йиллар аввал пайдо бўлган, ҳозир эса дунёнинг деярли барча авиакомпаниялари айнан шу рангдаги креслолар билан таъминланган. Буюк Британия олимлари фикрича, кўк ранг аксарият одамларда ишонч ва хавфсизлик билан уйғунлашар экан, бу эса аэрофобиядан азият чекувчилар йўловчилар учун жуда муҳим. Боз устига, тадқиқотларга кўра, 90 фоиз кишилар у ёки бу компания жозибадорлигини интуитив равишда компания ранги билан боғлашар экан.
Шунингдек кўк рангли қопламанинг амалий аҳамиятга эга изоҳи ҳам бор — бундай рангдаги креслоларда кир, доғ кабилар у қадар билинмайди. Бизнес-тоифа салонларида эса оч рангли кресло қопламаларига кўзингиз тушиши ҳам мумкин, зеро бу тоифа орқали учувчи йўловчилар ҳар доим ҳам кўп бўлмайди, шундай экан, мато тез кир бўлмайди ҳам.
Қизиқ далил. 1970-80-йилларда баъзи авиакомпаниялар ўз самолётлари креслоларида қизил қопламаларни қўллай бошлашган. Бироқ кейинчалик уларни кўк қопламаларга алмаштиришган. Авиаташувчиларнинг фикрича, қизил қоплама йўловчилар агрессияси даражасини оширган.
Мато ёки чарм?
Материалга келадиган бўлсак, креслолар ҳам сунъий чарм, ҳам сунъий мато билан қопланиши мумкин. Қоидага кўра, узоқ йўналишли авиарейсларни амалга оширадиган самолётлар учун мато қопламали креслолар қўлланилади - улар терининг нафас олишига халақит бермайди ва табиийки, сиз ҳам парвоз давомида терламайсиз, ноқулайлик ҳис қилмайсиз.
Қисқа авиапарвозлар учун эса сунъий тери ҳам тўғри келади. Унинг устувор жиҳатлари шундан иборатки, у матога нисбатан анча чидамли, тўкилган ичимликлар ҳам уларда доғ қолдирмайди.
Қизиқ далил. Кресло суянчиғига қўйиладиган сочиқча антимакассар деб аталади. Ушбу аксессуар номи қадимда Англияда эркаклар сочини турмаклаш учун фойдаланган макассар мойи номидан келиб чиққан. У шу қадар ёғли бўлганки, ҳатто креслоларда доғ қолдирган. Шуни четлаб ўтиш мақсадида креслоларнинг бош қисмига қиммат мебелнинг ифлосланиши олдини олувчи сочиқчалар қўйила бошланган.
Нима учун дераза ёнидаги жойда ҳар доим ҳам ташқи манзарадан завқ олиш имкони йўқ?
Ҳеч дераза ёнидаги креслода ўтириб, ташқаридаги манзара кўринмаган ҳолатларда қолганмисиз? Чунки у кресло сунчиғи даражасида жойлашган бўлади ёки ҳатто ундан бироз орқада.
Маълум бўлишича, бунга авиаташувчиларнинг салонга имкон қадар кўпроқ кресло сиғдиришга уриниши сабабдир. Самолётларни ишлаб чиқарувчи ва қурувчи компаниялар авиакомпанияларга креслоларни ўрнатишга доир қатор қўлланмалар беришади, бироқ деярли ҳеч ким унга риоя қилмайди.
Ҳаво кемаси полида жойлашган махсус йўналтиргичлар креслоларни авиакомпанияларга керакли қилиб ўрнатиш имконини беради ва улар шундай фойдаланишади.
Бонус: Самолётдаги энг яхши жойни қандай танлаш мумкин?
Юқорида қайд этилганидек, креслоларнинг самолётда жойлашуви фантазия ва авиаташувчиларнинг зиқналигига боғлиқ. Шунинг учун энг қулай жой танлови у қадар осон иш эмас. Бироқ буни уддаласа бўлади.
- Интернетда махсус сайтлар бўлиб, уларда у ёки бу компания самолётларидаги ўринлар жойлашувини реал суратларда кўриш имкони мавжуд. Улар сизга дераза ёнида ўтириб, ташқарини томоша қилиш имконига эга бўласизми ёки самолёт ташқарисидаги манзарага энгашиб қарашингизга тўғри келадими - аниқлаш имконини беради.
- Агар двигатель шовқинини эшитгингиз келмаса, самолёт тумшуғига яқинроқ жойни танланг. Бундай ҳолатларда фақат борт кузатувчиларининг суҳбатлари қулоққа чалиниши мумкин, лекин улар двигатель шовқинига тенг келолмайди, албатта. Агар сиз бундай жойни танлашнинг уддасидан чиқа олмаган бўлсангиз, ўтиш жойига яқинроқ жойлашинг - у ер иллюминатор ёнига қараганда тинчроқ.
- Дарвоқе, салон бошидаги жойларнинг яна бир афзаллиги бор - таом тарқатилиши айнан сиздан бошланади ва сизда катта ассортимент орасидан танлаш имкони бўлади. Самолёт "думи"даги йўловчиларда эса танлов катта бўлмайди.
- Сизнинг бўйингиз ўртачадан баланд бўлса, албатта фавқулодда вазиятлар учун чиқиш эшиги ёнига ўтиринг - у ерда кресло қаторлари орасидаги масофа каттароқ ва сиз бутун парвоз давомида қулай жойлашишингиз мумкин бўлади.
- Фавқулодда чиқиш эшиги ёнидаги қаторни энг яхши танлов деб бўлмайди, албатта. Зеро бу ердаги креслолар суянчиғини ҳаракатлантириш имкони йўқ (фавқулодда ҳолатларда ноқулайлик туғдирмаслик учун).
Мавзуга оид
21:10 / 10.11.2024
Тошкентдан Жиддага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди
12:02 / 02.11.2024
Мюнхендан Шанхайга учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди
11:56 / 02.11.2024
Авиация тарихидаги ғалати ҳалокат: учувчи нега самолётни тоғга олиб бориб урганди?
20:47 / 21.09.2024