Ўзбекистон | 15:05 / 09.04.2018
7205
5 дақиқада ўқилади

Аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш тартиби белгиланди

Фото: Иллюстратив сурат

Республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган республика кинопрокат тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги (кейинги ўринларда «Ўзбеккино» МА деб аталади) ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг «Ўзбеккино» МА тизимида «Республика кинопрокат маркази» давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда «Республика кинопрокат маркази» ДУК деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар «Республика кинопрокат маркази» ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган республика кинопрокат тизимини (кейинги ўринларда кинопрокат тизими деб аталади) ташкил этиш;

кинопрокат тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш бўйича мақсадли дастурлар ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

фильмларни намойиш қилиш фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларини кинопрокат тизимига ихтиёрий жалб қилишни ташкил этиш, ушбу тизимга жалб қилинган тадбиркорлик субъектларини фильмлар билан таъминлаш;

мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва хориждан олиб кириладиган фильмларнинг республика ҳудудидаги кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини амалга ошириш, шунингдек, миллий фильмларни халқаро кинопрокатга олиб чиқиш;

замонавий халқаро андозаларга мувофиқ кинотеатр ва кинозалларда ягона технологик стандартларни шакллантириш ва жорий қилишда иштирок этиш.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Ўзбеккино» МА билан биргаликда:

бир ой муддатда «Республика кинопрокат маркази» ДУК базасида «Ўзбеккино» МА тизимидаги кинотеатрларнинг бирлаштирилиши ва хусусий кинотеатрларнинг ўзаро манфаатли шартлар асосида ихтиёрий киришини назарда тутувчи ягона республика кинопрокат электрон тармоғини ишлаб чиқиш;

2018 йил 1 июндан бошлаб фильмларнинг кинотеатрларга рақамли етказилишини таъминлаш мақсадида ушбу банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган кинотеатрларни оптик толали алоқа линияси орқали ягона республика кинопрокат электрон тармоғига босқичма-босқич улаш;

2019 йил 1 январдан бошлаб ушбу банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган кинотеатрларда электрон киночипталарнинг тезкор ҳисобини юритиш ва сотишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш бўйича чоралар кўради.

Белгиланишича, ҳудудларда ягона репертуар сиёсатини амалга ошириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, шунингдек, аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш «Ўзбеккино» МАнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

«Ўзбеккино» МА ва «Республика кинопрокат маркази» ДУКнинг «Республика кинопрокат маркази» ДУК таркибида кинопрокат тизимининг йиллик репертуар режасига киритиладиган миллий ва хорижий фильмларнинг мақбул нисбатини белгилаб берувчи методик кенгаш фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

«Ўзбеккино» МА ва Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳри Миробод тумани Миробод кўчаси 25-уй манзилида жойлашган биноларни тегишли ҳудуди билан биргаликда фасад ва ташқи муҳандислик коммуникацияларини таъмирлаш бўйича илгари ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари нархини ҳисобга олган ҳолда «Республика кинопрокат маркази» ДУКга оператив бошќарув ҳуқуқи билан бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ушбу бинолар топширилишини, «Республика кинопрокат маркази» ДУК қабул қилиб олинишини ҳамда улардан самарали фойдаланилишини таъминлайди.

Қарор билан Аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомга кўра: «Ўзбеккино» Миллий агентлиги тизимидаги киновидео-томоша ташкилотларига кириш чипталари нархи Агентлик томонидан, бошқа киновидео-томоша ташкилотларига кириш чипталарининг нархи ушбу ташкилотларнинг ўзлари томонидан мустақил белгиланади; киновидео-томоша ташкилотлари муайян киносеанс бошланишидан камида 30 дақиқа аввал белгиланган киносеансга чипталар савдосини бошлаши шарт; кинозалга кириш сеансдан камида 15 дақиқа олдин бошланади; етти ёшгача бўлган болалар вояга етган кузатувчи ҳамроҳлигида, болалар учун белгиланган нархларда кириш чиптаси билан кинозалга киритилади; репертуарда режалаштирилган фильм киносеанс учун кинозалга йиғилган томошабинларнинг сонидан қатъи назар чипта сотилган бўлса намойиш қилиниши шарт; киносеанс вақтида видеокамера, телефон, планшет ва бошқа рақамли электрон жиҳозлардан фойдаланиш, намойиш этилаётган фильмни видео-фото тасвирга олиш, баланд овозда гаплашиш ва бошқа томошабинларга халақит бериш тақиқланади; киновидео-томоша ташкилотлари кинофильмларни сифатли намойиш қилиш, томошабинларга сифатли хизмат кўрсатиш, ҳожатхона, она ва бола хонаси, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш воситаларидан бепул фойдаланишга имконият яратиб берилиши шарт.

 

Мавзуга оид