Технология | 17:56 / 12.04.2018
5325
2 дақиқада ўқилади

Павел Дуров Telegram юристларига Роскомнадзор аризаси бўйича жараёнда иштирок этишни тақиқлади

Фото: Reuters

Telegram асосчиси Павел Дуров компания юристларига Роскомнадзорнинг мессенжерни блоклаш бўйича аризасини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этишни тақиқлади.

"Павел Дуров ўз адвокатларига Роскомнадзорнинг Telegram’га аризаси бўйича эртанги суд жараёнида иштирок этишни тақиқлади", - дея хабар берган мессенжер манфаатларини ҳимоя қилаётган, "Агора" халқаро ҳуқуқ ҳимояси гуруҳи раҳбари, адвокат Павел Чиков.

Чиковнинг ўз Telegram-каналида аниқлик киритишича, бундай қарор мессенжер асосчиси томонидан "очиқдан очиқ майнабозчиликка қонуний тус бермаслик" мақсадида қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 апрель куни Роскомнадзор Таганский туман судига Telegram мессенжерига киришни тўсиб қўйиш талаби билан ариза йўллади. Ўша куни идора мессенжер маъмуриятига ФХХга шифрлаш калитларини тақдим этиш учун берган ўн беш кунлик муддат тугади. Telegram’дагилар бу "техник жиҳатдан имконсиз" эканини маълум қилишган. Шу билан бирга, Роскомнадзордан таъкидлашларича, компаниядан расмий жавоб олинмади.

Мессенжер Россияда муаммоларга биринчи марта дуч келаётгани йўқ. 2017 йил июнь ойининг охирида Telegram Роскомнадзорга маълумот тарқатувчи ташкилотлар реестрига киритиш учун маълумот беришдан бош тортгач, блоклаб қўйилишига бир бахя қолди. Бироқ кескин мунозаралардан сўнг у компаниянинг рўйхатдан ўтиш маълумотларини барибир тақдим этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид