Ўзбекистон | 22:22 / 17.04.2018
15891
2 дақиқада ўқилади

Фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш даври қисқаради

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги олдига 2021 йилгача интерактив давлат хизматларининг ягона порталига келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш даврини қисқартириш вазифаси қўйилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири Азим Аҳмадхўжаев вазирлик сайтига жойлаштирилган интервьюда шу ҳақида маълум қилди. 


"Бугун истеъмолчи ягона дарчага келиб, беш босқичдан ўтишига тўғри келмоқда. Ҳар бир қадамда инсон омили бор ва берилган сўровномага жавоб олиш тезлиги уларнинг саъй-ҳаракатларига боғлиқ. 

Бизнинг олдимизга 2021 йилга қадар мазкур даврни қисқартириш бўйича барча чораларни кўриш ва уларни максимал даражада рақамли форматга келтириш вазифаси қўйилди. Агар бугун истеъмолчи давлат хизматлари марказига келиб, операторга сўровни тақдим этса, у ўз ўрнида сўровни давлат идораларидаги бошқа операторларга етказса, улар зарурат туғилган тақдирда архивга сўров беришса - буларнинг бари жуда кўп вақт олади. 

Шу йилнинг охиригача қоғоз ҳужжатлар - архив ва маълумотлар базасини рақамли форматга ўтказмоқчимиз. Шу тариқа сўров даврини бир неча бараварга қисқартирамиз, чунки бунда бирйўла икки босқич қисқаради. Истеъмолчи фақат бир киши - оператор билан мулоқот қилади. У эса ахборот базаларига мурожаат қилиб, электрон форматдаги маълумотлар билан ишлайди. Кейинги йилнинг ўзидаёқ шундай кўрсаткичга эришишни режалаштиряпмиз", - деди Азим Аҳмадхўжаев. 

Вазирнинг сўзларига кўра, 2021 йилдан кейин инсон омили умуман бўлмайди - ягона қадам бўлади, холос.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид