“Тадбиркорлик субъектларига давлат, профессионал, консалтинг, молиявий, инжиниринг, маркетинг, медиа, IT ва операцион хизматларни комплекс кўрсатиш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ–375-сон) 2025 йил 13 декабр куни қабул қилинди.

Қарорда қуйидагилар асосий мақсадлар сифатида кўрсатилган:

  • 1000 дан ортиқ давлат ва хусусий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатишни йўлга қўйиш орқали тадбиркорлар фаолиятига тўлақонли ҳамроҳлик қилиш тизимини жорий этиш;
  • тадбиркорлар масалалари ва муаммоларини эшитиш, муҳокама қилиш ва жойида ҳал қилишга қаратилган сифат жиҳатдан янги майдонча яратиш.

Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан тадбиркорлик фаолиятига оид давлат хизматлари ва айрим хусусий хизматларни тадбиркорларга “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиш бўйича “Бизнес ҳамроҳ” лойиҳаси амалга оширилади.

Лойиҳа доирасида Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этиладиган масъулияти чекланган жамият томонидан бошқариладиган “Бизнес ҳамроҳ” марказлари фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган. Дастлабки босқичда ушбу марказлар Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек вилоятлар марказларида 1 тадан ташкил этилади.

Қайд этилишича, мазкур механизм тадбиркорлар учун хизматлардан фойдаланишни соддалаштириш, мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва бизнес юритиш жараёнларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.