Жамият | 21:55 / 17.04.2018
79883
2 дақиқада ўқилади

Ўз боласини ўлдирган она қандай муҳитда улғайгани маълум бўлди

Аввалроқ маҳаллий матбуотда ўз боласини бўғиб ўлдирган андижонлик аёл ҳақида хабарлар тарқалганди. 

Мавзуга оид: Андижонлик она 3 ёшли ўғлини нега ўлдирганини айтиб берди (видео)

ЎзЛиДеП мухбири Андижон вилояти Қўрғонтепа туманининг Маъмуробод ва Норбўта маҳаллаларига бориб, асл вазиятни — қотил она Саида туғилиб-ўсган муҳитни ўрганишга ҳаракат қилди.

Маълум бўлишича, Саиданинг отаси ёшлигида Россияга ишлаш учун кетган. Фарзандлар тарбияси эса онанинг зиммасида қолган. Шундан сўнг, эътиборсиз қолган Саида 7-синфдалигида ўғрилик йўлига ўтган, ҳатто қўшни вилоятга берухсат кетиб қолган. Айтишларича, ўшанда маҳалла, мактаб мутасаддилари оилани ўртага олиб, тушунтиришга роса уринишган. Аммо калтак қаттиқроқ тегмаган кўринади...

Вояга етгач, Саида Норбўта маҳалласига келин бўлиб тушади. Аммо оиладаги моддий таъминотга қониқмай, жанжал кўтара бошлайди. Ҳатто, куёвнинг яқин қариндошлари нарсаларини ўғрилайди. Фарзандини эса 2 ойлик пайтида ёстиқ билан босиб ўлдирмоқчи, айбни эса уй эгаларига тўнкамоқчи бўлади, аммо қайнонаси тўсатдан кириб қолиб, болани қутқаради. 

Боласи олти ойлик бўлганида, унинг бешигига ўт қўяди ва ҳовлини қулфлаб, болани олиб, кўздан ғойиб бўлади. Ўтни ўчиришга улгурган қайнонаси она-боланинг жасади топилмагач, қидирувга беради. Маълум вақт ўтгач, у уйига қайтиб келади.

Илк фарзанди икки ёшга тўлганида, у қиз фарзандлик бўлади. Аммо қизчаси беш ойлик бўлганида, ногаҳон иситмалаб, бир туннинг ўзида ҳаётдан кўз юмади. Дафн маросимлари тугагач, яна ота уйига қайтиб кетади.

Шу йилнинг 2 апрель куни  у уч ёшли ўғлини бўғиб ўлдирган ва ўзи ишлаш учун Тошкентга кетган. Тезкор тадбирлар давомида Саида 3 апрель куни қўлга олинган. Ҳозирги пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга оид