Ўзбекистон | 23:03 / 20.04.2018
7617
2 дақиқада ўқилади

Вьетнамда илк марта Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди (фотожамланма)

Вьетнамда илк марта ўтказилаётган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида Вьетнам Социалистик Республикасининг Маданият, спорт ва туризм вазири ўринбосари Вуонг Дуй Биен ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Умиджон Абдурахимович Қўқонбоев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Маданият вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Учрашувда томонлар давлатлараро маданий ҳамкорлик, санъат ва туризм масалалари, истиқболли режалар, соҳани ривожлантириш хусусида музокаралар олиб бориб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Ўзбекистон жаҳоннинг кўплаб давлатлари билан маданий алоқаларини тобора кенгайтириб бораётгани қувонарли ҳол. Жумладан, турли мамлакатларда юқори савияда ўтказиб келинаётган Ўзбекистон маданияти кунлари дунё ҳамжамиятининг ўзбек маданияти ва санъатига бўлган қизиқишини оширмоқда.

Вьетнам Социалистик Республикасининг пойтахти, гўзал Ханой шаҳрида жойлашган Катта опера театрида Ўзбекистон маданият кунларининг очилиш маросимига бағишланган тантанали гала-концерт бўлиб ўтди.

Театр фойесида Ўзбекистон маданияти, миллий анъана, урф-одатларини акс эттирувчи фотокўргазма ҳамда амалий санъат, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ташкиллаштирилди.

Концертда Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Яҳё ва Муҳсин Мўминовлар, эл суйган хонанда ва созандалар, раққосаларнинг ижро маҳоратлари Вьетнам шаҳри аҳолисида катта таасссурот қолдиргани уларнинг гулдурос олқишларидан маълум бўлди.

 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид