Жамият | 22:08 / 21.04.2018
20304
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ЙҲХБ 374 ҳайдовчига мобил мухбир ахбороти кўмагида жарима солди

Фото: KUN.UZ

2018 йилнинг январь-март ойларида Тошкент шаҳри йўлларида 309та йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 фоизга кам демакдир. Ушбу ҳодисаларда 37 киши ҳаётдан кўз юмган (5,1 фоиз камайган), 382 киши турли даражада тан жароҳати олган. Бу ҳақда шаҳар ИИББ ЙҲХБ бошлиғи Барат Маменов ОАВ вакиллари билан учрашувида маълум қилди. 

2018 йил 5 мартидан 17 апрелигача бўлган муддат давомида жами 100 840та ЙҲҚни бузиш ҳолатлари аниқланган. Шундан 24 780таси қўпол қоидабузарликлар бўлса, 912таси алкоголли ичимлик таъсирида автомобиль бошқариш, тезликни ошириш 6 220та, светофорнинг тақиқловчи чироғига бўйсунмаслик 1530та, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидасини бузиш 1320тани ташкил этган. 138та ЙТҲ оқибатида 19 киши вафот этган.

Ўтган йилнинг айни шу даврида (5 март-17 апрель) 125 735та қоидабузарлик қайд этилган эди. 

Бундан ташқари, ШИИББ ЙҲХБ сайти ишга туширилганидан буён фуқаролардан жами 535та мурожаат келиб тушган, шундан 527таси кўриб чиқилган. Сайтга юборилган фото ва видеоматериаллар натижасида 374 ҳайдовчига жарима солинган. 

Барат Маменовнинг маълум қилишича, ЙҲХБнинг 50 махсус транспорт воситаси “Автокон” қурилмалари билан жиҳозланган бўлиб, улар воситасида фоторадарлар ёрдамида қоидабузарлиги аниқланиб, жарима тўламаган ҳайдовчиларнинг автомашиналари аниқланади. 2017 йил 18 июлидан (“Автокон”дан фойдаланиш бошланган) шу вақтга қадар 41 063 машина аниқланиб, уларнинг ҳайдовчиларига 11 млрд сўмдан ортиқ жарима солишга эришилган. 

Мавзуга оид: Жамоатчилик назорати: мобил хабарлар натижасида ҳуқуқбузар ҳайдовчиларга жарималар ёзилмоқда

Шу билан бирга, пиёдалар ўтиш қисмлари борасида ҳам жиддий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 52та “пиёда ўтиш жойи” йўл белгиси ўрнатилган, 78таси алмаштирилган. Бу борада келгусида ҳам ишлар давом эттирилиб, Тошкент шаҳар бўйлаб 22та янги ерусти пиёдалар ўтиш кўприкларини қуриш бўйича таклиф берилган.

ОАВ вакиллари билан илк маротаба учрашган Барат Маменов сўнгсўз ўрнида Тошкент шаҳри фуқаролари ва меҳмонларини Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга чақириб қолди. 

Мавзуга оид