Иқтисодиёт | 18:23 / 25.04.2018
5135
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон логистик компаниялари Ўзбекистон хабларидан фойдаланишга жалб қилинади

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембоев билан учрашди. Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Қозоғистон дипломатик миссияси раҳбари ташқи савдо вазири билан 2018 йилнинг иккинчи ярмида Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон-Қозоғистон форумига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди. Форумга самарали тайёргарлик кўриш мақсадида Ходжаев ва Утембоев мунтазам учрашувлар ва маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олишди. 

Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Учрашув давомида томонлар икки томонлама ҳамда минтақалараро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича ўзаро фикр алмашишди.

Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Ташқи савдо вазири ва Қозоғистон элчиси Қозоғистоннинг логистик компанияларини Ўзбекистон хабларидан фойдаланишга жалб қилишга келишиб олишди, бу Қозоғистоннинг ташқи савдо юкларига жанубий ва шарқий йўналишдаги истиқболли бозорларга чиқиш, шунингдек Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб транзит ташувлар ҳажмини ошириш имконини беради. Ташқи савдо вазири тез орада қозоғистонлик ишбилармонларнинг "Термиз карго маркази" логистик терминалига ташрифини ташкиллаштиришни таклиф қилди, бундан мақсад - қўшни мамлакат ишбилармонларини ушбу карго маркази имкониятлари билан таништириш.

Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек Қозоғистон томон ҳамкорликдаги тўқимачилик корхоналарини яратиш имконини кўриб чиқишни таклиф қилди. Қозоғистон элчисининг таъкидлашича, икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдириб туради ва турли соҳалардаги кооперация қўшни республикалар ривожига туртки беради.

Томонлар Ўзбекистондан автобус харид қилиш учун кредит воситалари шартларини муҳокама қилишди. Элчихона вакилларининг қайд этишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган йўловчи транспортига Қозоғистон бозорида талаб катта.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид