Иқтисодиёт | 21:06 / 25.04.2018
7532
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фармацевтика соҳасида Хитой билан ҳамкорлик қилишга келишди

18 апрель куни Ўзбекистон ишбилармон доираси делегацияси Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди. 26 апрелга қадар давом этувчи мазкур тадбирда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори А. Абдуллаев, "Zomin-Farm" эркин иқтисодий зонаси  раҳбари А. Назаров, Тошкент ва Жиззах вилояти ҳокимларининг ўринбосарлари иштирок этмоқда.

Мазкур ташриф доирасида Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги Хитойнинг фармацевтика соҳасидаги  йирик давлат корпорациялари –  "China Meheco Corparation", "Xitoy Sinopharm International Corparation", "Avic International Ingeneering Company", "Ziu Zhi Co, Ltd" ва бошқа шу каби нуфузли  компаниялар билан музокаралар олиб борди. Мулоқотлар чоғида ҳамкорликнинг қуйидаги устувор йўналишлари аниқланди:

  • Мамлакатимизда талаб катта бўлган дори воситаларининг субстанцияларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
  • Юртимизда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш;
  • Вакциналар ва таркибида зардоб сақловчи препаратларни ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш;
  • Маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқарувчиларининг юқори сифатли Хитой маҳсулотларидан фойдалана олиш имкониятларини кенгайтириш.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари «China Sinopharm International Corparation» ва “National Vaccine and Serum Institute” вакцина заводига ташриф буюрди.

Пекин интеграция ривожлантириш хизмати “Shenteihe” МЧЖ билан Ўзбекистон Республикасида қаттиқ дори шакллари: таблеткалар, капсулалар ва кукун шаклдаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги келишувга кўра, умумий қиймати 6 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзоланди. Лойиҳа 2018-2020 йилларда “Zomin-Farm” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган.

Айни пайтда мамлакатимиз ишбилармонларининг Хитойга ташрифи давом этмоқда. Ташриф якунига қадар фармацевтика саноатидаги илғор технологиялар билан танишиш ва тажриба алмашиш, истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари бўйича яна бир қатор келишувларга эришиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда 150 дан ортиқ фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган 2500 номга яқин дори-дармондан тиббиётимиз амалиётида кенг фойдаланиляпти.

Мавзуга оид