Жамият | 08:20 / 26.04.2018
16371
2 дақиқада ўқилади

Экстремистик ташкилотга аъзо бўлиб, қидирувда юрган шахс ўз ихтиёри билан ватанга қайтди.

Олот тумани Бунёдкор МФЙ Ифтихор кўчасида яшаган, 1984 йилда туғилган Фаррух Нарзиев 2012 йилда ишлаш мақсадида Россия Федерациясининг Мурманск шаҳрига бориб, у ерда яширин фаолият олиб бораётган «ал-Ихвон ал-муслимин», яъни «Мусулмон биродарлар» диний экстремистик ташкилотининг аъзолари билан танишиб, уларнинг диний таъсир доираси остида мазкур ташкилотга аъзо бўлган ҳолда уларнинг ноқонуний ҳаракатларида фаол иштирок этади. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг матбуот котиби, капитан Бахтиёр Рахматов хабар берди.

Фаррух Нарзиевнинг ушбу ҳаракатлари бўйича 2016 йилда Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-2-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органларидан яшириниб юрганлиги учун унга нисбатан қидирув эълон қилинган эди.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Нарзиев Фаррухга нисбатан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда унга нисбатан қўлланилган “қамоқ” эҳтиёт чораси озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган, яъни “муносиб хулқ атворда бўлиш тўғрисидаги тилхат” эҳтиёт чорасига ўзгартирилиб, унинг яқин қариндошлари билан олиб борилган профилактик тушунтириш ишлари натижасида, Фаррух Нарзиевни ихтиёрий равишда Ўзбекистон Республикасига қайтиб келишига ва йўл қўйган хатоларини тан олган ҳолда ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширишга эришилди.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ

Фаррух Нарзиев 16 апрель куни ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтиб келиб ҳозирда ўз оиласи бағрида яшамоқда.