Фан-техника | 09:36 / 19.05.2018
28829
2 дақиқада ўқилади

Samsung ўз рекламасида эски айфонларни “мазаx қилди” (видео)

Samsung компанияси Galaxy S9 смартфони реклама ролигида уни 2014 йилги айфон билан солиштирди.  

“Олдинга ҳаракат қил” деб номланган бир дақиқалик ролик сюжетига кўра Apple ихлосманди iPhone 6 смартфони доимо “қотиб қолиши” муаммосидан азият чекади: дастлаб қиз самолётга ўтираётганда Wallet дастури секин юкланади, самолётда эса у TV дастури очилмаётгани сабабли фильм кўролмайди.

Ролик қаҳрамони бу муаммолардан “тўйиб”, ёрдам илинжида яқин орадаги Apple Store дўконига йўл олади. Дўкон ходими эса аёлга аввалги тезликни қайтариш учун унумдорликни бошқариш функциясини ўчириб қўйиш мумкинлигини, бироқ бу ҳолда смартфон тўсатдан ўчиб қолишини айтади.

“Ёки сиз уни янгисига алмаштириб олишингиз мумкин”, деб айтади дўкон ходими. Ролик сўнгида эса қиз дўкондан чиқиб, уйига янги Samsung билан қайтади.

Бироқ The Verge нашрининг таъкидлашича, рекламада бундай ҳолатдан чиқишнинг энг мақбул усули, яъни эски батарейкани алмаштириб, смартфондан аввалгидек фойдаланиш мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Буни эса бор-йўғи 29 долларга амалга ошириш мумкин. Ваҳоланки, бу  iPhone X ёки Galaxy S9’ни сотиб олишдан анча арзонроқ тушади.

АҚШ қонунларига кўра, рекламада бевосита рақобатчилар маҳсулотларини кўрсатиш мумкин. Samsung эса бундан кўпинча Apple’ни “мазаx қилиш”да фойдаланади.

2017 йил декабрда Apple эски батарейкаларга эга айфонларни атайлаб секинлаштиришини тан олган. Компания буни фойдаланувчилар ҳақидаги қайғуриш билан тушунтирган: смартфонлар шундай йўл билан кўпроқ ишлайди ва камроқ тўсатдан ўчиб қолади. Шундан кейин айфонлар эгалари Apple’ни судга беришган. Компания ушбу муаммо учун узр келтириб, iOS созламаларига процессорларни секинлаштирувчи опцияни ўчириш имкониятини қўшган.

Мавзуга оид