10:16 / 24.05.2018
8470

Ўзбекистон Европа Иттифоқидан янги савдо имтиёзларини кутмоқда

Фото: Reuters

Ўзбекистон томонидан кўплаб товарларни бож тўловисиз импорт қилиш имкониятини қўлга киритилиши, Европа Иттифоқи билан савдо шартларини яхшилаш бўйича қадамлардан бири бўлиши мумкин, дея ҳисоблайди ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев.

«Европа Иттифоқи билан савдо шартларини яхшилаш бўйича қадамлардан бирига, Ўзбекистон томонидан Умумий имтиёзлар плюс тизими доирасида Европа Иттифоқининг бир томонлама тариф имтиёзларини олиши айланиши мумкин. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Умумий базавий имтиёзлар тизимидан фойдаланади. Унга кўра, мамлакат Европа Иттифоқига 3000 дан ортиқ товарларни божхона тўловларисиз ва 3 200 товарларни пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиши мумкин. Умумий имтиёзлар плюс тизими доирасида тариф имтиёзлари берилган тақдирда, Ўзбекистон 6200 дан ортиқ товар позициясига божсиз кириш ҳуқуқига эга бўлади», - дея қайд этди ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев. 

Куни кеча вазирликда Европа Иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Кенгаши ишчи гуруҳи билан учрашув бўлиб ўтди.

Яхши мувофиқлаштирилган логистика тизими савдо муносабатларини ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Хўжаев уни яхшилаш учун Европа Иттифоқи мамлакатларини ТРАСЕКА транспорт йўлагини ривожлантириш йўналиши бўйича ишни давом эттириш ва бу йўлак технологик камчиликларини бартараф этишга чақирмоқда.

Ўзбекистон, шунингдек, 6-8 июнь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Европа Иттифоқи ҳамкорлик қўмитаси ва Иқтисодиёт, савдо ва сармоя бўйича қуйи қўмита навбатдаги учрашувларига жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Ўзбекистон томонининг ишонч билдиришича, келгусидаги тадбирлар доирасида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш имкони пайдо бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ўзбекистонлик тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилувчилар Европа Иттифоқи бозорларига киришда ҳамон чекловларга дуч келаётгани ҳақида маълум қилганди.

Top