Жамият | 21:23 / 11.06.2018
65050
2 дақиқада ўқилади

2 ёшли болани ўғирлаб кетган аёл бир зумда қўлга олинди

Кеча, 10 июнь куни Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида яшовчи 2 ёшли Сарварбек Зиёдуллаевнинг йўқолганлиги тўғрисида ва бола ўғирлигида гумонланаётган аёл фотосурати келтирилган маълумот барча ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган эди.

Миллий гвардиянинг тезкор гуруҳ йигитларининг сайъ-ҳаракати натижасида қидирув эълон қилинганидан бир неча соатдан сўнг соат 22:30да Сарварбек ўз ота-онаси бағрига қайтарилди. Ўғирликка қўл урган шахс Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Оқ тепа” маҳалласида истиқомат қилувчи 1974 йилда туғилган фуқаро Г.С.Миртолипова эканлиги аниқланди. Айбдор Чилонзор туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига топширилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати KUN.UZ’га хабар бермоқда.

Бу каби ўғирликларнинг иссиқ изидан тезкор равишда фош этилиши мамлакатимизда олиб борилаётган “Хавфсиз шаҳар – хавфсиз мамлакат” дастури асосда ишлаётган Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлиги юқори босқичга кўтарилганидан далолат беради.

Мавзуга оид