20:11 / 16.06.2018
5335

Бош вазир ўринбосари Австралия ва Куба дипмиссиялари раҳбарлари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Парижда Австралия, Куба, Венгрия, Зимбабве дипмиссиялари раҳбарлари ҳамда Норвегия элчиси ўринбосари билан учрашувлар ўтказди.

KUN.UZ'нинг ҳукуматдаги манбаси маълум қилишича, учрашувлар давомида суҳбатдошлар Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек мамлакатнинг амалдаги раҳбарияти Ўзбекистонни ривожлантириш ва халқ фаровонлигини оширишга доир долзарб масалаларни ҳал қилишда юритаётган очиқ сиёсий курс ва янгича қарашлар билан таништирилди.

Учрашувларда бугунга келиб мамлакатнинг маданий-тарихий меросини ҳимоя қилиш, тарихий объектларни сақлаб қолишга доир кўрилаётган чоралар, шунингдек туристик салоҳиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Хорижий дипломатлар ЮНЕСКО доирасида маданий-гуманитар алоқалар, хусусан коммуникациялар, таълим ва илм-фан соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида қизиқиш билдиришди. Улар ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва томонлар ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини маълум қилишди.

Шунингдек мунтазам учрашувлар, турли даражадаги алоқалар халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни ўзаро манфаатли асосда самарали ривожлантириш, ишчи доиралар, илмий-таълимий муассасалар вакиллари ҳамда маданият ва санъат арбоблари ўртасидаги алмашинувларни кенгайтириш имконини бериши таъкидланди.

Бундан аввал KUN.UZ'да Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси БМТнинг таълим, илм-фан ва маданият масалалари бўйича махсус муассасаси ва унинг Парижда рўйхатдан ўтган аъзолари билан ўзаро конструктив ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Францияга ташрифни амалга ошираётгани ҳақида хабар берилган эди. Бош вазир ўринбосари бунга қадар Парижда ЮНЕСКО қошидаги Бахрайн элчиси Муҳаммад Абдул Ғаффор, Бразилия элчиси Мария Реис, Гватемала элчиси Луис Фалла, Хитой элчиси Шен Янг, Кувайт элчиси ўринбосари Муҳаммад Ал-Мутаирий ва Уганда элчиси Элли Каферо билан учрашувлар ўтказган.

Top