Ўзбекистон | 03:15 / 29.06.2018
5118
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги тарихий объектларни сақлаб қолишга доир ишлар кескин кучайтирилади

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Манама шаҳрида ўтказилаётган ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитаси (УМҚ)нинг 42-сессиясида иштирок этмоқда. KUN.UZ'нинг ҳукуматдаги манбаси хабар беришича, сессия кун тартибидан ўрин олган масалалардан бири Шаҳрисабз тарихий марказининг ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатидан чиқарилиши бўлган.

Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида сессия иштирокчиларига Шаҳрисабз тарихий марказида амалга оширилган маҳаллий халқ турмуш тарзини яхшилаш мақсади билан боғлиқ бўлган ишларга доир маълумотларни тақдим этди. Қўмита аъзолари Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг "Ўзбекистондаги Умумжаҳон мерос объектларини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қарори билан таништирилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу қарор Умумжаҳон мерос қўмитаси тавсияларини бажариш муддатлари аниқ кўрсатилган "Йўл харитаси"ни ўз ичига олган. 

"Йўл харитаси" шунингдек ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Халқаро маслаҳатчи экспертлар гуруҳини тузишни кўзда тутади. Бу экспертлар гуруҳига Умумжаҳон мерос объектлари ҳудудлари, шунингдек Ўзбекистоннинг тарихий шаҳар ландшафтларида ривожланиш лойиҳалари бўйича дастлабки экспертизаларни йўлга қўйиш вазифаси юклатилади. 

Бош вазир ўринбосари ўз нутқида Ўзбекистонда ҳам моддий, ҳам номоддий меросни сақлашга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Жорий йилнинг бошида Президент Шавкат Мирзиёев ҳар икки йилда сентябрнинг илк ўн кунлигида Шаҳрисабзнинг тарихий марказида Халқаро мақом форумини ўтказиш ташаббуси билан чиққан эди. Мазкур ташаббус ЮНЕСКО томонидан расман қўллаб-қувватланди. 

Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур масала муҳокамаси давомида Қўмитанинг қатор давлатлардаги аъзоларидан Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакатдаги тарихий объектларни сақлашга доир қабул қилинаётган чора-тадбирлар бўйича кўплаб саволлар келиб тушган. Делегация раҳбари барча саволларга тўлиқ жавоб қайтарган.

Умумжаҳон мерос қўмитаси аъзолари ўртасидаги фаол дебатлар Шаҳрисабзни ЮНЕСКО рўйхатида қолдиришни кўзда тутувчи УМҚ қарорига асосан муқобил лойиҳа ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилишига олиб келди. Натижада УМҚ аъзолари консенсусга келишди ва мазкур ҳужжатни қўллаб-қувватлашди. Унда Ўзбекистон мамлакатдаги маданий меросни сақлаб қолиш бўйича ЮНЕСКО билан фаол ҳамкорлик қилишга чақирилади. 

Шундай қилиб, Шаҳрисабз тарихий маркази ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатида сақлаб қолинади. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид