KUN.UZ таҳририятига юборилган ҳар бир мурожаат изидан бориб ўрганиш ва мақола тайёрлаш пировардида мавжуд камчиликнинг ўша ҳудуддаги мутасаддилар томонидан ечим топиши ётади.
KUN.UZ сайти ўтган июнь ойида икки арзномага - “Номга ярашмаган муаммо: Андижон туман “Бахт” маҳалласидаги “Шодлик” кўчасида ичимлик суви, газ йўқ” ҳамда Андижон шаҳар Улуғбек кўчасида истиқомат қилаётган бева аёлнинг муаммоларига “Икки ойдан бери электрсиз яшаётган оилага кўмак зарур” номли мақолалари билан эътибор қаратган эди.

Мақола эълон қилинганидан сўнг орадан тўрт кун ўтиб, ўша Андижон шаҳар, Улуғбек кўчаси, 5-уйда истиқомат қилаётган Насибахон Умрзақованинг яқини телефон орқали онанинг хонадони электр тизимига улангани ва муаммолар бартараф этганини билдирди.
Онани йўқлаб бордик. “МИБ ходимлари келиб, чироғимизни ёқиб бериб кетишди. Мана, чароғон уйда ўтирибмиз. Пластик карточкамга сизлар уюштирган хайрия натижасида 8 миллион сўмга яқин маблағ тушди. Бугун-эрта уйни таъмирлашга киришамиз. Муаммоларимни ҳал бўлишига ўз ҳиссасини қўшган барча инсонларни дуо қилиб ўтирибман”, дейди она.

Насибахон ая бизни чоғроққина ҳовлисида етилиб пишган анжир билан меҳмон ҳам қилди.

Шундан сўнг, Андижон туман, “Бахт” маҳалласи, “Шодлик” кўчасига бордик.




















