Ўзбекистон | 19:12 / 05.07.2018
10050
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда зўрлик ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини камайтиришга доир ишлар амалга оширилади

Фото: Shutterstock

Ўзбекистонда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга ўз вақтида ва манзилли ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик ва унга эрта барҳам бериш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилоти шаклида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилатация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ташкил этилади. Президентнинг 2018 йил 2 июлдаги 3827-сонли қарорида шу ҳақида маълум қилинган.

Республика марказининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлади:

  • оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;
  • ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган ёки ўз жонига қасд қилган шахслар билан бирламчи ва изчил профилактика тадбирларини ўтказиш;
  • низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатиш ҳолларини ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни эрта бартараф этиш мақсадида давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар билан ўзаро самарали ҳамкорлик ўрнатиш;
  • ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича ҳудудий давлат ва нодавлат муассасаларининг фаолиятини ташкил этишда, уларнинг моддий-техник ва услубий базасини мустаҳкамлашда, мазкур муассасаларнинг кадрлар салоҳиятини шакллантириш ва қўллаб-қувватлашда, муҳтож шахсларга, шу жумладан «ишонч телефони» орқали маслаҳат бериш тизимини яратиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашиш;
  • долзарб ижтимоий муаммоларни аниқлаш мақсадида вақти-вақти билан жамоатчилик фикрини ўрганиш, уларнинг асосида низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатиш ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни бартараф этишга доир дастурлар ва услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
  • низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни, уларнинг келиб чиқишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш ҳамда умумлаштириш, ахборот-таҳлилий материалларни, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида тарқатиш орқали ушбу соҳадаги муаммолар ҳақида жамоатчиликнинг хабардор этилишини таъминлаш;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари учун низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни бартараф этиш масалаларига бағишланган амалиётлар, семинар ва тренинглар ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларини (кейинги ўринларда — Марказлар) босқичма-босқич ташкил этиш деганда қуйидагилар назарда тутилади:

  • биринчи босқичда Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида биттадан Марказ фаолиятини йўлга қўйиш;
  • иккинчи босқичда туманлар (шаҳарлар) эҳтиёжларидан келиб чиқиб, шу жумладан туманлараро тамойил асосида минтақалардаги Марказлар сонини ошириш;
  • учинчи босқичда республиканинг туманларини (шаҳарларини) имкон қадар қамраб олган ҳолда Марказлар фаолиятини таъминлаш.
Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид