Жаҳон | 17:53 / 09.07.2018
11444
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған инаугурациясига 22 давлат раҳбари ташриф буюради

Фото: REUTERS

Бугун, 9 июль куни Туркия пойтахти Анқарада қайта сайланган президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг лавозимига тантанали киришиш маросими бўлиб ўтади. Бештепа Президентлик мажмуасида ташкил этиладиган маросимда 22 давлат раҳбари, 28 давлат бош вазирлар ва парламент спикерлари иштирок этади. 

Турк етакчиси маъмуриятида маълум қилишларича, Эрдўған маҳаллий вақт билан соат 16:30да (18-30 твб) Буюк миллий мажлис биносида тўпланган ҳукумат аъзолари ҳамда депутатлар қаршисида қасамёд қилади. Шундан сўнг, Туркия республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк мавзолейига боради.

Соат 18:00да Президент мажмуасида давлат ва ҳукумат раҳбарлари, делегациялар иштирокида тантанали маросим бошланади. Инаугурациядан сўнг, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, парламентлар спикерлари учун кечки дастурхон ёзилади. 

Шундан сўнг, президент Эрдўған Президент мажмуасида матбуот анжуманида иштирок этади ва жамоатчилик олдида чиқиш қилади. 

Таклиф этилганлар орасида ЕХҲТ бош котиби Томас Гремингер, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Халил Иброҳим Ақча кабилар ҳам бор. 

Маълумки, Ўзбекистон томонидан ушбу маросимда Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги делегация иштирок этади.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид