Жаҳон | 08:30 / 20.07.2018
21701
2 дақиқада ўқилади

Черногория Трампнинг «Учинчи жаҳон уруши» ҳақидаги сўзларига жавоб қайтарди

Фото: Stevo Vasiljevic/Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида АҚШ қўшинлари НАТО бўйича барча иттифоқдошларини ҳимоя қилишга мажбур эмаслиги ҳақида фикр билдирган. У бундай давлат сифатида Черногорияни келтириб ўтган ва бу давлат сабабли Учинчи жаҳон уруши бошланиши мумкинлигини айтган. “Черногория жуда тажовузкор одамлар яшайдиган кичик давлатдир. Агар улар тажовуз кўрсатсалар, биз урушга аралашиб қолишимиз мумкин”, деб айтган Трамп тегишли саволга жавобан. 

Черногория ҳукуматининг Трампнинг сўзларига жавобида ушбу давлат ҳамиша тинчликпарвар сиёсат юритганини маълум қилган. 

“Черногория собиқ Югославиянинг парчаланиши вақтида уруш билан қамраб олинмаган ягона давлат бўлган”, деб айтилган Черногория ҳукуматида. 

Собиқ югослав давлатида таъкидланишича, мамлакат НАТОга киргандан кейин унинг аскарлари нафақат Европада, балки бутун дунё бўйлаб тинчлик ва барқарорликка катта улуш қўшмоқдалар. Жумладан, Черногория ҳарбийлари америкаликлар билан бир қаторда Афғонистондаги операцияларда иштирок этаётгани эслатиб ўтилган. 

Черногория ҳукуматида таъкидланишича, бугунги кунда “катта ёки кичик давлат бўлиш аҳамиятсиздир”. “Муҳими мамлакат эркинлик ва демократиянинг қанчалик қадрига етишидир”, деб айтилган хабарда.

Черногориялик мухолиф сиёсатчи Ранко Кривокапич Трампнинг сўзларига изоҳ тариқасида “уни АҚШ тарихидаги энг ғалати президент” деб атаган. “Ташқи сиёсат унинг кучли томони эмас”, деб айтган Кривокапич.

Мавзуга оид