Спорт | 11:10 / 22.07.2018
14862
2 дақиқада ўқилади

Украиналик Усик Москвада россиялик Гассиевни енгиб, мутлақ жаҳон чемпионига айланди

© Валерий Шарифулин/ТАСС

Украиналик боксчи Александр Усик Бутунжаҳон бокс суперсериясининг (WBSS) биринчи финалида россиялик Мурат Гассиевга қарши жангга чиқиб, ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонди. У энди 90,7 кг гача вазн тоифасида Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC), Бутунжаҳон бокс ташкилотининг (WBO), Бутунжаҳон боксчилар ассоциацияси (WBA) ва Халқаро боксчилар федерацияси (IBF) камарларини ўзида бирлаштирди.

12 раундлик жанг Москвадаги «Олимпийский» спорт мажмуасида бўлиб ўтди. Барча уч ҳакам 31 ёшли украиналик ғалабасини тан олди: 120:108, 119:109, 119:109.

Гассиев финалга қадар йўлда барча рақибларини осонлик билан мағлуб этганди: чорак финалда польшалик Кшиштоф Влодарчик, ярим финалда кубалик Юниер Дортикос нокаутга учратилганди. 2012 йилги Лондон Олимпиадаси чемпиони бўлмиш Усик эса аввалдан турнир фаворити ҳисобланаётганди. 

Усик эндиликда профессионал рингда 15-ғалабасини нишонлади (11таси нокаут билан). У фаолиятида ҳали бирон марта мағлуб бўлмаган. Гассиев ўз фаолиятида илк марта мағлубиятни тан олишга мажбур бўлди. У шу вақтгача 26 жангда ғалаба қозонган, шундан 19 жангни нокаут билан якунлаганди.

Бунгача фақат 3 боксчи асосий 4 камарни бирлаштира олганди - америкалик Бернард Ҳопкинс, Жермейн Тейлор (иккиси ҳам ўрта вазнда) ва Теренс Кроуфорд (ярим ўрта вазн).

© Валерий Шарифулин/ТАСС
© Валерий Шарифулин/ТАСС

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид