Жаҳон | 20:50 / 24.07.2018
14392
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған бугунги Исроилда Гитлернинг руҳини кўрмоқда

Фото: Umit Bektas / Reuters

Эрдўған миллий тус ҳақидаги қонун туфайли Исроилни ирқчи давлат деб атади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Кнессет (Исроил парламенти) томонидан қабул қилинган Исроил давлатининг миллий туси ҳақидаги қонунини танқид остига олди, деб хабар берди ТАСС.

«Исроилнинг янги қонуни фаластинликларни сиқувга олишга ва буни келгусида ҳам давом эттиришга чақиради», – деди Туркия етакчиси.

Бундан ташқари, Эрдўған бу қонуннинг қабул қилиниши «Исроилнинг энг сионист, фашист ва ирқчи давлат эканлигини кўрсатади». Туркия президентининг сўзларига кўра, «Гитлер руҳи Исроилнинг айрим расмий шахслари орасида қайта туғилди».

Исроил давлатининг яҳудийча туси ҳақидаги қонун 19 июль куни мамлакат парламенти томонидан қабул қилинди. Унда «Исроил давлати яҳудий халқининг ўз диний, маданий ва тарихий ҳуқуқини белгилайдиган миллий давлати эканлиги» айтилади. 

Ҳужжатда шунингдек, Қуддус Исроилнинг «ягона ва бўлинмас» пойтахти, иврит тили давлат тили экани қайд этилиб, яҳудийларнинг Исроилга келиб жойлашиш ҳуқуқлари қонуний асосда белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, унда «давлат яҳудий аҳоли масканларининг ривожланишига миллий манфаат сифатида қараши ва буни рағбатлантириш, олға суриш ва амалга ошириш учун чоралар кўриши» айтилган.

Аввалроқ Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абу ал Ғайт бу қонун борасида фикр билдириб, Исроил ҳукуматининг Фаластин халқига қарши йўналтирилган ҳаракатлари устидан халқаро тергов ўтказишга чақирганди.

Мавзуга оид