Фан-техника | 19:49 / 01.08.2018
33080
10 дақиқада ўқилади

Йирик автосаноатлар тарихи: Жанубий Корея

Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ва умуман ўзбекистонликлар орасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг қимматлашиши кенг муҳокама қилинмоқда. Даставвал қимматлашаркан, деган гап-сўзлар урчиди, кейин айрим манбалар узатган маълумотлар асосида қатор сайтларда хабарлар босилди.

Ошармикан, ошмасмикан, ХПКдаги учрашувга боғлиқ экан, каби миш-мишлар болалади. Ўзига хос тортишувдаги сўнгсўзни “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов айтди. У компания молиявий жиҳатдан оғир аҳволда бўлгани, муаммолар кўплиги ва хориждан инвестиция олиб кирилса, камида 10 фоиз устама тўлашга тўғри келиши сабабли нархлар оширилаётганини билдирди.

Халқаро Пресс клуб сессиясида иштирок этган Умурзоқовга кўра, Ўзбекистонга бошқа хорижий автомобилсозлик компанияларни олиб келиш мумкин, лекин бу ҳолатда бори ҳам янгиси ҳам касодга учрайди. Умурзоқовнинг айтишича, хориж компаниялари келиши билан рақобат ҳақида сўз боради. Бунга эса, ҳали ҳеч ким тайёр эмас.

Фото: Reuters

Хўш, рақобат маҳаллий автосаноат учун шунчалик қўрқинчлими? Маҳаллий автобозорда рақобатга салкам чорак асрдан бери дош беришни ўргана олмаган корхонани халқ пули эвазига ҳимоя қилиш ўзини қанчалик оқлайди? Албатта, бу борада хориж тажрибасини ўрганиш асқатиши табиий. Шундай экан, интернетдаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда автомобилсозликда улкан натижаларни қайд этган Германия, Ўзбекистонда автосаноат пойдеворини қўйишда ҳисса қўшган Жанубий Корея, бугунги кунда энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи мақомида бўлган Хитой тажрибасига доир туркум мақолаларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этишга қарор қилдик. Туркум мақолалар якунида Ўзбекистон автосаноатидаги бугунги ҳолатни холис ўрганиб, уни сизларнинг эътиборингизга етказишга ҳаракат қиламиз. Демак, даставвал, Ўзбекистонда автомобилсозлик пойдеворини қўйишда елкадош бўлган Корея автомобилсозлиги ҳақида.

Фото: Hyundai

Корея республикаси дунё автомобилсозлик саноатида ўз овозига эга бўлиб, ишлаб чиқариш ҳажми бўйича бешинчи ўринда туради. Тасаввур қиляпсизми, бир вақтлар хорижий компаниялар томонидан импорт қилинган бутловчи қисмлардан машина йиққан давлат ҳозирда дунёнинг энг етакчи автомобилсоз мамлакатларидан бири.

Мамлакат автосаноати тарихи ўтган асрнинг 60-йилларига борса-да, 1988 йил (орадан 26 йил ўтгани эътиборли) 1 млн дона автомобил ишлаб чиқилган сана сифатида тарихда қолган. Умуман, Корея автомобилсозлик саноати 4 босқичда ривожланган, десак хато бўлмайди.

Gukje Shibal 
Фото: Wikipedia

-          1962-1973 йилларда автомобиллар импорт бутловчи қисмлардан йиғилган;

-          1974 йилдан ўз автомобил саноати оёққа тура бошлаган;

-          1983 йили Корея республикаси автомобиллар экспортини ва оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйган;

-          1998 йилдан глобаллашув дейиш мумкин бўлган сўнгги босқич даври бошланган.

Гарчи Кореядаги илк автомобил 1903 йили келтирилган ва қирол Кожонга хизмат қилган Rolls-Royce бўлса-да, 1945 йилгача автомобил ҳашамат ва бойлик белгиси ҳисобланар эди.

Кореянинг илк машинаси Сеул чеккасидаги устахона шароитида Американинг чиқиндига чиқарилган автомобилларининг яроқли қисмларидан ясалди.

Кейинроқ, Америка ва Италия фирмаларининг эҳтиёт қисмларидан машиналар йиғиш йўлга қўйилди. Chevrolet бутловчи ва эҳтиёт қисмларидан машиналар тайёрланди. Аммо, уларнинг сифати яхши эмас, сони аҳоли талабини қондиролмасди. Диққат қилсак, биздаги ҳолатга деярли ўхшаш вазиятни кореяликлар ҳам бошдан кечирган эди.

Shinjin Shinsungho
Фото: Wikipedia

1960 йилда Shinjin Automobiles Япониянинг Toyota компанияси билан эришилган техник лицензиялаш негизида Shinjin Publica лойиҳасини ишга туширди. 1962 йилда ҳукумат автомобилсозлик саноатини ривожлантиришга доир дастурини эълон қилиб, ушбу саноатни ҳимоя қилиш қонунини қабул қилди.

Шу йилнинг ўзида бира тўла 3та компанияга асос солинди:

1. Kyeongseong Precision Industry (кейинчалик Kia Industry) 1964 йилдан Mazda билан ҳамкорликда машиналар йиға бошлади;

2. Ha Dong-Hwan Automobile Industry Co. (ҳозирги SsangYong Motor Company);

3. Saenara Automobile эса Nissan Motor Co. техник кўмагида ташкил этилди.

Умуман, 1962-68 йиллар оралиғида Корея автосаноатининг етакчи компанияларига асос солинган эди. 1965 йилда Asia Motors Company, 1968 йили Ford Motor Company техник кўмагида Hyundai Motor Company иш бошлади. Қайд этиш ўринли, даставвал бу компанияларнинг бари фақат машина йиғиш билан шуғулланган.

Hyundai Pony
Фото: Wikipedia

Кореяда автомобилсозлик саноатининг чин маънода ривожланишига ҳукуматнинг 1974 йилда автосаноат ишига бевосита аралашишга қарор қилгани туртки бўлди. Давлат раҳбарияти айрим компанияларга сезиларли имтиёзлар тақдим этди, бунга жавобан имтиёзга эга компаниялар ҳукуматнинг исталган “тавсиялари”ни бажариши талаб этилди. Унга кўра, Shinju, Asia Motors, Hyundai Motors ва Kia автомобил гигантларига айланиши керак эди.

Бирмунча вақт ўтгач, Shinju негизида Daewoo холдинги ва General Motors ҳамкорлигида қўшма корхона очилиб, Daewoo Motors компаниясига айланди, Asia Motors эса Kia’га қўшилди. Уларнинг ҳар бири сиёсий қўллаб-қувватлов ва имтиёзли кредит эвазига йилига 50 минг донадан автомобил ишлаб чиқиш даражасига чиқиш ҳамда маҳаллий бутловчи қисмлар ҳажмини ошириш топшириғини бажаришлари керак эди. Яъни 1980 йилга келиб, корейс бутловчи қисмлари бу ерда ишлаб чиқилган автомобилларнинг 91 фоизини ташкил этиши шарт эди. Эътибор беринг, шарт эди.

Шу ўринда қайд этиш ўринлики, Корея ҳукумати автомобил экспорт қилишни мақсад қилар экан, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ҳар томонлама ёрдам берди. Хориждан автомашиналар олиб кириш божи шунчалик юқори белгиландики, четдан олиб кириш фойдасиз бўлиб қолди. 1975 йилда жорий этилган қоидага кўра, хориждан фақатгина ўша бутловчи қисмни Кореяда ишлаб чиқариш мумкин эмаслигига доир ишончли ҳужжатлар тақдим этилгандагина олиб кириш мумкин бўлди.

Албатта, бундай протекционизм ўз самарасини бермай қолмади. Масалан, Кіа эҳтиёт қисмларининг 95 фоизи 1980 йилга келиб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилди. Машиналар ишлаб чиқариш сони бўйича вазифа ҳам уддаланди. 1979 йили Ж.Кореяда 204 мингта машина ишлаб чиқилди. Афсуски, бизда бўлгани каби ўша вақтларда ишлаб чиқилган автомашиналарнинг аксарияти Европа, Америка ва Япония автомобилсозлари ишланмаларининг нусхалари эди.

Фото: Wikipedia

Корея автомобилсозлигининг учинчи босқичи шартли равишда 1983-1998 йиилларни ўз ичига олади. Кичик литражли ва бирмунча рақобатбардош Hyundai Excel Америка автомобил бозорига чиқиши янги даврни бошлаб берди. Excel ўз синфида тенгсиз эмас эди, аммо сифат ва нарх уйғунлигини қидирганлар учун жуда мос эди. Ниҳоят, Корея автосанаоти вакили Hyundai АҚШ бозори учун арзон, лекин сифатли машина етказиб беришнинг уддасидан чиққанди. Корея автомобилсозларининг кейинги муваффақиятларини оммавий талабга бемалол боғлаш мумкин. Улар ўз ички сиёсатларини шу асосда барпо қилишди. Шу билан бирга, XX асрнинг 70-йилларидан 1997 йилги Осиё инқирозигача Корея автосаноати учта йирик иштирокчи: Kia Motors, Daewoo Motors ва Hyundai Motors ўртасида тақсимланди.

1988 йили ички сиёсий вазият ўзгариб, ҳарбийлар ҳокимият тепасидан кетиши автомобил гигантларига ҳам таъсир кўрсатди. Иш ҳақлари оширилгани рақобатдаги асосий устунлик — малакали ва арзон иш кучини деярли чиппакка чиқарди. Бу эса, хорижий мамлакатларда қўшма корхоналар очиш бўйича инвестиция кампаниясини бошлаб берди. Корхоналар асосан, Россия, Польша, Руминия, Украина ва Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакатларда очилди. Шу билан бир вақтда, Корея автогигантлари бутун дунё бўйлаб савдо ва таъмирлаш марказларини очишга эътибор қаратишди.

1997 йилги Осиё инқирози Корея автосаноатига жиддий салбий таъсир кўрсатгани рост. Катта учликда бўлиб келган Kia касодга учраганини эълон қилди. Унинг ортидан Hyundai компаниясидан ташқари деярли барча автомобил ишлаб чиқарувчилар шундай муаммоларга дуч келди. Қулай вақтда олинган кредитлар билан боғлиқ масала муаммонинг асл сабаби эди. Kia Hyundai Motors томонидан харид қилинди ва Hyundai холдингидан ажралиб чиқиб, алоҳида мустақил компанияга айланди. 

Энг қизиқ жараён Daewoo Motors билан рўй берди. 1999 йили Daewoo холдинги (Ўзбекистонда ҳам қўшма корхона очган эди) касодга учрагани эълон қилинди. Бироқ концерннинг автомобилсозлик шўъбасига 2 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида харидор топилмади. 2002 йилдагина General Motors уни харид қилишга қарор қилди ва янги GM Daewoo Auto & Technology Co.га асос солинди. Компания аввалги моделларни ишлаб чиқаришни давом эттириш баробарида Chevrolet бренди остида янги моделларни ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Daewoo Nexia
Фото: Wikipedia

Мақола сўнгида айтиш жоизки, Ж.Корея тажрибасида биттагина автомобил заводи билан кифояланилмаган. Бир неча қисқа йиллар ичида (1962-68 йиллар) 4та автокомпания иш бошлаган. Бу протекционизм шароитида маҳаллий рақобатни ривожлантириб, автосаноат ривожига ижобий ҳисса қўшган бўлса борки, асло аксинча бўлмаган. Қолаверса, ўзбек автосаноати босиб ўтган “шонли” 22 йиллик тарих Корея автосаноати, у вақтда технологиялар ҳозиргидек ривожланмагани инобатга олинса, жуда катта муддатлиги намоён бўлади. 

Шундай экан, Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқариш соҳасида Корея тажрибасидан келиб чиқиб айтиладиган бўлса, рақобат муҳитини барпо этиш вақти аллақачон етиб келган. Бунга бугунги “протекционизм” сиёсати ёрдам бериши тайин.

Мавзуга оид