Ўзбекистон | 08:14 / 03.08.2018
7710
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида янги жамғарма ташкил этилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.
 
Жамғарма юридик шахс бўлмайди, маблағлари тижорат банкидаги махсус, шу жумладан, валюта ҳисобварағида жамланади.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

шифокорлар ва провизорларни рўйхатга олишни амалга оширишдан, шунингдек, улар фаолиятини лицензиялашдан тушадиган маблағлар;

шартнома асосида хизматлар кўрсатиш ва бошқа хўжалик фаолиятини амалга оширишдан тушумлар;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини банкларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

хайрия қилувчилар – жисмоний ва юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилишича, Жамғарма маблағлари, шу жумладан, қуйидагиларга йўналтирилади:

Миллий палатани сақлаш, унинг фаолиятини моддий-техник таъминлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш;

халқаро стандартларга мувофиқ илғор тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини ташкил этиш, шунингдек, уларни замонавий ускуналар
ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш;

замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартлар, тиббиёт ташкилотларини моддий-техник жиҳозлаш стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкил қилиш;

республика тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларининг бинолари, иншоотлари ва бошқа инфратузилмасини қуриш, уларни замонавий ускуналар билан, шу жумладан, лизинг шартларида жиҳозлашга қайтариш шарти билан ва имтиёзли асосда маблағ ажратиш;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини хорижда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, ўқитиш, малака ошириш ва тажриба алмашишни республикада ташкил этиш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш
билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

республика шифокорлари ва провизорлари тўғрисида умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва юритиш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

соғлиқни сақлаш соҳасида хайрия фаолиятини амалга ошириш;

Миллий палата зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга қаратилган бошқа тадбирларни молиялаштириш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид