Жаҳон | 00:07 / 04.08.2018
15301
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон бош прокуратураси хорижлик сайёҳлар ўлдирилишини теракт деб топди

Фото: AP / Zuly Rahmatova

Тожикистон бош прокуратураси мамлакатда хорижлик сайёҳларга қилинган ҳужумни "теракт" деб топди, дейилади бош прокуратура сайтида берилган баёнотда.

Аввалроқ Тожикистон бош прокуратураси хорижлик сайёҳларга қилинган ҳужум борасида "терроризм" ва "қотиллик" моддалари бўйича жиноят иши қўзғатганди.

"Тожикистон жанубида хорижлик сайёҳларнинг ўлдирилиши мамлакатдаги вазиятни издан чиқариш, жамиятда қўрқув уйғотиш, халқаро майдонда Тожикистон  нуфузига зарба бериш мақсадида амалга оширилган  террорчилик ҳаракатидир" — дейилади баёнотда.

Маълумот берилишича, мазкур террорчилик ҳаракати Ислом уйғониш партияси террорчилик ва экстремистик ташкилоти аъзолари - Панж туманида яшаган Ҳусайн Абдусамадов, Асомидин Мажидов, Зафар Сафаров ва Нурак шаҳрида яшаган Аслиддин ва Жафар Юсуповлар томонидан содир этилган.

Эслатиб ўтамиз, 29 июл куни Хатлон вилоятининг Данғара туманида автомобиль бостириб бориши натижасида мамлакатда велосипедда сайр қилиб юрган тўрт нафар хорижлик: икки нафар АҚШ ҳамда Нидерландия ва Швейцария фуқаролари ҳалок бўлгани хабар қилинганди. 

Мавзуга оид