Булунғурдаги Қизилқўрғон қишлоғи Мустақиллик айёмигача обод масканга айлана олармикан?
KUN.UZ сайтида «Самарқанддаги обод қишлоққа ажратилган 460 минг доллар қаёққа ғойиб бўлди» сарлавҳаси остида самарқандлик журналистлар Ғ.Абдусаломов ва Б.Мустановларнинг Булунғур туманидаги Қизилқўрғон қишлоғида «Обод қишлоқ» дастури асосида тайёрланган материали берилди.
Сайт ходимлари ушбу материалнинг «Самаркандский вестник» газетасининг 1 август кунги №60-сонида ўзбекчадан таржима қилиниб эълон қилинган версиясини яна қайтадан ўзбек тилига ўгиришган ва айрим тушунмовчиликлар юзага келган. Шу сабабли кейинроқ биз мақоланинг матнини ҳам, сарлавҳасини ҳам «Зарафшон» газетасида чиққан ўзбек тилидаги оргинали билан ўзгартирдик.
Оригинал деяётган мақоламизга маълумот тўплаш учун журналистлар Ғ.Абдусаломов ва Б.Мустанов Қизилқўрғон қишлоғига 5 июлда боришган ва бу ҳақдаги материал «Зарафшон» газетасининг 28 июль кунги №89-сонида эълон қилинган.
Аввало, материал учун маълумот тўпланган ва у ёритилган, сўнгра KUN.UZ’да zarnews.uz сайтига ҳавола берилиб эълон қилинган кун орасида бироз муддат ўтганлиги қайд этиш жоиз. Ушбу муддатда ҳам анча иш амалга ошириб бўлинган.
Мақола KUN.UZ’да эълон қилинганидан сўнг таҳририятимизга Булунғур туман прокуратурасидан ундаги айрим абзацларга эътирозлар билдирилган раддия келиб тушди ва биз вазиятни қишлоққа бориб ўргандик.
Қайд этиб ўтиш жоизки, 2018 йилда ободонлаштириладиган қишлоқлар рўйхатида Булунғур туманидан «Ғўбдин» МФЙ ва «Каттақишлоқ» МФЙ рўйхатга тушган ва Қизилқўрғон «Ғўбдин» МФЙга қарашли қишлоқлардан биридир.
Туман прокуратурасининг бизга берган маълумотида тумандаги маҳаллаларда амалга оширилаётган умумий ишлар кўрсатиб ўтилган, ҳолбуки журналистлар фақатгина Қизилқўрғон қишлоғини бориб ўрганишган ва фақат ўша қишлоқдаги ишлар ўлда-жўлда эканлигини ёритишган.
«Қизилқўрғон қишлоғида 170 та хонадонда 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Туман ҳокимлиги маълумотига кўра, аҳоли хонадонларини таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, электр тармоқлари, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик сув таъминотини яхшилаш, ички йўлларнинг таъмирланиши, инфратузилма объектларининг қурилиши учун 3 миллиард 617 миллион сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган», деб ёзилади мақолада.
«Амалга оширилиши лозим бўлган барча лойиҳалар бўйича дастур-смета тасдиқланиб, жорий йилнинг 1 сентябрига қадар муддатлар белгиланган»лиги мақолада алоҳида қайд этилган.
Айтиш жоизки, 3,617 миллиард сўм охирги тийинигача ажратиб бўлинмаган. Бу маблағлар бирдан берилмаган, ғойиб ҳам бўлмаган. Улар босқичма-босқич, қилинадиган ишларга қараб бериб борилади. Мана шу сумма АҚШ долларининг Марказий банк томонидан белгиланган курсига бўлинса — 460 минг доллар пайдо бўлади. KUN.UZ’да эълон қилинган мақолада мана шу рақам сарлавҳага олиб чиқилган.
Туман прокуратураси «Ғўбдин» МФЙ раиси Р.Абдураҳмонов тушунтиришига биноан журналистлар суриштирувни 2018 йил 5 июль куни ўтказганини маълум қилади.
Мақолада «биз ҳамма ерда эски иншоотлар, уйлар атрофи эса қаровсиз аҳволда эканлигини кўрдик. Қишлоқ марказида улкан чиқинди уюми бадбўй ҳид таратиб турибди», дея унинг таржима версиясидан парча келтирилади.
Дарҳақиқат, қаровсиз уйлар бор, қурилиш-бузилиш ишлари давом этар экан бироз тартибсизлик бўлишиям турган гап. Аммо прокуратура «Қишлоқ марказида улкан чиқинди уюми бадбўй ҳид таратиб турганлиги ҳолати ўрганиш давомида аниқланмади», деб ёзмоқда. Бироқ эски култепа турибди. Мактабнинг шундоқ ёнгинасида. Чиқиндилар бор, айримларига ўт ҳам қўйилган. Ўзимиз кўрдик.
«Аниқланишича, электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича жами 5,5 км.да («Каттақишлоқ» МФЙ 2,2 км, «Ғўбдин» МФЙда 3,3 км.) 402,5 млн. сўмлик тармоқ тортиш ишлари режалаштирилган, бугунги кунга қадар маҳаллалар ҳудудидаги 2,3 км ҳаво тармоғи дарахтлардан тозаланган. «Каттақишлоқ» маҳалласида 5 дона, «Ғўбдин» маҳалласида 4 дона, жами 9 дона трансформатор пункти мукаммал таъмирланган», деб ёзмоқда прокуратура.
Юқорида таъкидлаганимиздек, маълум бир жой учун хос бўлган маълумот туманнинг умумий маълумоти билан аралаштириб юборилмоқда. Хусусан, Қизилқўрғонда симёғоч симини ўтказиш учун халақит берувчи дарахтларнинг ўзи йўқ. Қизилқўрғонда ҳамон эскирган, қийшиқ симёғочлар турибди. Алмаштирилмаган. Режалаштирилган, тўғри, лекин ҳалигача қилинмаган. Журналист ҳам кўрганини ёзган. Трансформатор эса таъмирланган, кўриниб турибди.
«Бу ҳолатни туман ҳокимлигининг қурилиш бўйича бош мутахассиси Алишер Элмуродов электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича ҳали «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятидан маблағ ажратилмагани» билан изоҳлади», дейилади мақолада.
Қишлоқ ҳудудида янгидан болалар боғчаси биноси қурилмоқда. Айни пайтда, унинг ғишт териш ишлари якунланиб, устига плиталар ёпилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Прокуратура маълумотномасига кўра, «Оқдарё қурувчи савдо» МЧЖ томонидан барпо этилаётган, лойиҳа қиймати 1 млрд 778.9 миллион сўм бўлган боғча қурилишида график доирасида 728,9 миллион сўм молиялаштирилган, 444,7 миллион сўмлик ишлар бажариб бўлинган. Бу қурилиш ишларининг чорак қисмини ташкил этади.
Ғ.Абдусаломовнинг «Зарафшон» газетасида эълон қилинган мақоласида «Ачинарлиси, қишлоқда бирорта савдо дўкони, тиббиёт муассасаси, аҳоли ҳордиқ чиқариш учун маскан йўқ. Бу каби объектлар қурилаётганини ҳам кўрмадик. Режа бўйича ҳудудда ҳаммом, дорихона, маиший хизмат кўрсатиш уйи ва савдо дўконлари қурилиши лозим. Бу борада ҳали бирор иш бошланмагани кишини ажаблантиради. Туман ҳокимлиги мутасадди ходимининг маълумотига кўра, ушбу ижтимоий объектларни қуриш учун ер ажратилган ва тадбиркор томонидан амалга оширилиши белгиланган», деб ёзилган.
Прокуратура маълумотномасида «Дастурга киритилган бозор инфратузилма объектлари қуриш/таъмирлаш бўйича жами 9 та («Каттақишлоқ» МФЙ 7 та, «Ғўбдин» МФЙда 2 та) объектлар қуриш ва таъмирлаш белгиланган, бугунги кунда ташаббускор тадбиркорларга туман ҳокимининг қарорига асосан ер майдонлари ажратиб берилган. Инфратузилма объектларининг барчасида қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари 45 фоизга бажарилган. Хусусан, туман ҳокимининг қарорларига асосан, Дастурга киритилган бозор инфратузилма объектларини амалга ошириш учун Қизилқўрғон қишлоғида ҳаммом ва савдо дўкони қуриш учун фуқаро Ю.Муҳамедовага, хўжалик моллари сотиш дўкони қуриш учун Ш.Абдуллаевга ер майдонлари ажратилган бўлиб, ҳаммом ва савдо дўкони қурилиш ишлари 25 фоизга, хўжалик моллари сотиш дўкони қурилиши 80 фоизга бажарилган, деб кўрсатилмоқда.
«Яна бир салбий ҳолатлардан бири бу қишлоқ аҳолисида боқимандалик руҳи ҳукмронлигидадир. Буни хонадонлар атрофи янтоқзорга айланганидан ҳам билса бўлади. Аҳоли ҳатто ўз уйлари ҳудудини ободонлаштиришга ҳам ҳафсала қилмаслиги яққол кўриниб турибди. Туман мутасаддилари, маҳалла раиси ва фаоллари аҳоли билан бу борада суҳбатлар ўтказиш, ободонлаштириш ишларига уларни ҳам жалб этиш масалаларига нега эътиборсизлик билан қарамоқда?» — дейилган мақолада.
«Вилоят раҳбарлари, хусусан, вилоят прокурори ва унинг ўринбосарлари, тумандаги 4 та сектор раҳбарлари ва тузилган ишчи гуруҳи вакиллари томонидан «Обод қишлоқ» дастурига киритилган «Каттақишлоқ» ва «Ғўбдин» маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисининг ҳуқуқий онги, тиббий ва турмуш маданиятини ошириш, шахсий томорқадан фойдаланишга ўргатиш ҳамда соғлом турмуш тарзига жалб қилиш, ўз қишлоқларида бўлаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларига хайрихоҳ бўлиш, тозалик ва озодаликка риоя этишлари бўйича суҳбатлар ўтказилган. Бироқ, айрим инсонларда ҳалигача боқимандалик кайфияти мавжудлигини инкор этиб бўлмайди», дейилади прокуратура маълумотномасида.
Ғолиб Абдусаломов ўз мақоласини «Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида барча ишлар якунига етказилади, деяётган туман ҳокимлиги мутасаддилари шу кунга қадар жадаллашмаган ишлар қисқа вақтда амалга ошишига, белгиланган муддатда якунланишига ишонармикан? Мақола сарлавҳасидаги саволни қўйганлигимизнинг ҳам моҳияти шунда. Жавобини эса мутасаддилардан кутиб қоламиз», деб якунлаган.
Биз 4 август куни бориб яна ўрганганимизда кўп жойларда деворлар бетон блок ғишт билан кўтарилгани, бўялганига гувоҳ бўлдик. Темир йўл ёқасида жойлашган уйларнинг деворлари чиройли қилиб оқланган. Атрофдаги янтоқлардан тозаланган.
Қишлоққа водопровод суви ўтказиш учун иш жадал олиб борилмоқда.
Қишлоқ йўлларини сифатли таъмирлаш учун шағал ётқизиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Деворлари йиқитилган жойларга ҳам блок ғиштлар келтирилиб қўйилган.
Қишлоқда ишлар ўта секин бормоқда. Буни бир неча вилоятларда «Обод қишлоқ» дастури бўйича амалга оширилаётган ишларни ўз кўзи билан кўрган киши сифатида ёзаяпман. Масалан, биз борган куни (4 август) бирор штаб, мутасаддиларни учратмадик. Маҳалла фуқаролари йиғини раисини телефонда чақирсак ҳам келмади.
Хуллас, мабодо, қишлоқни ободонлаштириш ишлари 1 сентябрь — Мустақиллик кунигача тўлиқ якунланмайдиган бўлса ҳам, барча ишларни ўлда-жўлда, ўз ҳолига ташлаб қўймасдан, ажратиладиган маблағлардан оқилона фойдаланиб, сифатли қилиб ўз якунига етказилишини истар эдик.
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
11:44
Тошкент - Самарқанд йўналишида янги темирйўлнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш бошланди
15:52 / 26.12.2024
Самарқандда “Turkish Airlines” авиакомпанияси экипаж аъзоси божхона назоратидан жанговар ўқ-дори олиб ўтишга уринди
07:35 / 26.12.2024
Бешта ҳудудда 16 кг гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди
09:09 / 20.12.2024