Жаҳон | 19:59 / 07.08.2018
21760
3 дақиқада ўқилади

Нима учун Саудия Арабистони ва Канада муносабатларида  таранглик кузатилмоқда?

Фото: AP

Саудия Арабистони ва Канада мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда таранглик кузатилмоқда. Саудия Канададаги элчисини ортга қайтариши ҳамда Оттава билан барча янги савдо ва инвестицион транзакцияларни музлатиши ҳақида эълон қилди. Бунга Канаданинг Саудияда қўлга олинган ҳуқуқ ҳимоячиларини дарҳол озод қилишга доир талаби сабаб бўлди. 

Канада ташқи ишлар вазири Христя Фриланд ҳуқуқ ҳимоячиси Самар Бадавий (блогер Раиф Бадавийнинг синглиси)нинг Саудия Арабистонида ҳибсга олинганига оид хабардан "жуда хавотирда" эканини маълум қилиб, иккисини ҳам озод қилишга чақирди. 

"Саудия Арабистони либерал тармоғи" интернет сайти асосчиси Раиф Бадавий 2012 йилда қироллик маънавий ва диний полицияси вакилларини танқид қилгани учун қўлга олинган. У шунингдек исломни ҳақорат қилиш, кибержиноятлар ва отасига бўйсунмасликда айбланган (Бу Саудияда жиноят ҳисобланади). Бадавий 10 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Канадалик дипломатларнинг баёнотларидан кейин Саудия Арабистони ТИВ Оттавадаги элчисини ортга қайтарди, шу билан бирга, Канаданинг Ар-Риёддаги элчисига мамлакатни тарк этиш учун 24 соат вақт бериб, уни нон-грант персонаси дея эълон қилди. 

Бундан ташқари, Саудия Канада билан ҳамкорликдаги барча таълим дастурларини тўхтатиш ва Канада университетларида таҳсил олаётган саудияликларни бошқа мамлакатларга кўчириши ҳақида маълум қилди. Шунингдек Саудия Арабистони барча янги савдо ва сармоявий алоқаларни музлатишини билдирган. 

Саудия Арабистони ТИВ баёнотига кўра, Канаданинг фаолларни қўлга олишга доир позицияси "нотўғри  маълумотлар"га асосланган. Шунингдек, Саудия ташқи ишлар вазири ўзининг бошқа мамлакатлар ички ишларига аралашмаслигини таъкидлаган ҳолда, мамлакатдаги ишларга ташқи аралашувга йўл қўймаслигини қайд этган. 

Канада ТИВ Оттавадаги элчининг ортга қайтарилишидан ташвишда эканини билдириб, Ар-Риёддан бунга изоҳ сўрамоқда. Мамлакат ТИВ раҳбари Оттава инсон ҳуқуқлари учун курашишда давом этишини таъкидламоқда. Шу билан бирга, у Канаданинг Ар-Риёддаги элчихонаси очиқлигича қолиши ва консуллик хизматлари аввалги режимда тақдим этилишини қўшимча қилди. 

Форс кўрфазининг баъзи мамлакатлари, жумладан Бирлашган Араб Амирликлари ва Бахрайн Ар-Риёднинг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид