Спорт | 22:03 / 08.08.2018
15172
10 дақиқада ўқилади

Клубини ўзгартириши мумкин бўлган яна 10 футболчи

Англияда 10 август куни ёзги трансферлар даричаси ёпилади. Бу ёзда ҳам инглиз клублари катта харидларни амалга оширишди. Қолган икки кун давомида ҳам биз янги трансферларни кўришимиз мумкин. Қуйида клубини ўзгартириши мумкин бўлган яна 10 футболчи билан боғлиқ ҳолатларни кўриб чиқамиз.

1. Эден Азар

«Агар «Реал» мени сотиб олишни истаса, нима қилишни билади». Азар жаҳон чемпионати вақтида ҳам ўзининг эҳтимолий трансферини муҳокама қилганди. Июль ойида Азар ўз истаги ҳақида шубҳа қолдирмади. У Маурицио Саррининг «Челси»га бош мураббий бўлганига қуйидагича муносабат билдирди: «Сарри – яхши мураббий, агар мен у билан совринлар қўлга киритадиган бўлсам яхши мураббий». Яна шундай деди: «Челси»да ўтган 6 йилдан кейин балки янгилик қилиш керакдир. Сиз мен қаерга боришни исташимни биласиз».

Чемпионлар лигаси финали арафасида футболчининг отаси ҳамда агенти Тьерри Азар «Реал» клуби вакиллари билан музокаралар ўтказганди. Июль ойи ўртасида эса Эден «Реал» Зидан кетган бўлса ҳам ўзи учун жозибадорлигини йўқотмагани ҳақида гапирди. «Зидан биланми ёки Зидансизми, «Реал футболкаси» ҳамиша алоҳида бир нарса. Ҳамма ҳам бу клубда ўйнашни орзу қилади». Ҳозирча Азар ҳақида янги гап йўқ, аммо у эндигина таътилдан қайтди. Ҳали вақт бор. «Челси»нинг бошқа футболчиларида ҳам.

2. Тибо Куртуа

Бу футболчи масаласи анча чигаллашди. Футболчининг агенти Кристоф Генротай клуб ҳақида қаттиқ гаплар гапирди. «Челси»дагилар барчаси футболчига боғлиқ экани ҳақида айтишмоқда. Аммо Тибо аллақачон раҳбариятга «Реал»га ўтиш истагида эканини маълум қилиб бўлган. «Челси»га таклиф ҳам келиб тушган». Лондонликлар жамоаси янги бош мураббийи Маурицио Сарри эса шундай дейди: «Мени Куртуанинг агенти нима дегани қизиқтирмайди. Унинг ўзидан кетмоқчи эканини эшитишим керак. Мен унинг ўзи билан гаплашишни истайман. «Челси»да иштиёқманд футболчилар бўлиши керак». Бу қийин: Куртуа таътилдан машғулотларга қайтмади.

У Бельгияда бўлиб турган вақтда жамоаси рекорд нарх эвазига - 80 миллион еврога  «Атлетик»дан Кепа Аррисабалагани трансфер қилди. Энди бельгиялик футболчининг ҳам келажаги ойдинлашиши кутилмоқда. ОАВда у 40 миллион еврога  «Реал» футболчиси бўлиши ва янги клуби билан 6 йиллик шартнома имзолаши ҳақида хабарлар тарқалган.

3. Тьемуэ Бакайоко

Британиялик журналистлар Бакайоко Сарри билан суҳбатда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун бошқа клубга кетмоқчилиги ҳақида айтганидан хабар топишди. Аммо футболчи учун жиддий таклиф бўлгани йўқ. Муваффақиятсиз мавсумдан кейин «Челси» бир йил аввал 40 миллион еврога сотиб олгани 23 ёшли ярим ҳимоячисини худди шу нархга сота олмайди.

Футболчига асосий даъвогар – «Севилья» бўлиб турганди, аммо бу клуб футболчини фақат ижарага олиши мумкинлигини билдирди. Энди эса «Милан» асосий даъвогарга айланган. Итальянлар Сарри схемаларига мос келмаган франциялик футболчини бир йилга ижарага олиб, кейинроқ 35 миллион еврога сотиб олишни ваъда қилишмоқда.

4. Жоау Мариу

Футболчининг ўзи барчасини аниқ-тиниқ қилиб айтди: «Мен «Интер»га келганимда, бу лойиҳа келажагига ишонгандим, аммо энди барчаси ўзгариб кетди. Клубда хаос юзага келди. Мен «Интер»га қайтмайман. Менга итальянча футбол ва А Серия тўғри келмаскан».

Унинг миланликлар билан кўп йиллик шартномаси бор. Лекин, «Интер» ушбу португалиялик футболчини энди ижарага бермоқчи эмас (Жоау Мариу ўтган мавсумда «Вест Ҳэм»да ижарада бўлиб қайтганди), лекин уни трансфер қиладиган жамоа ҳам топилмаяпти. Португалиялик футболчи жамоа машғулотларига қайтишга мажбур.

5. Маттео Дармиан

Моуриньонинг сўзларига ишонамиз. «Дармиан ўзи кетишни истамоқда. Агар муносиб таклиф бўлса, уни қўйиб юборамиз. Ҳозирча келган таклифлар эса клубни қаноатлантирмаяпти». Италиялик футболчи ростан ҳам кетишни истаётгани ҳақида гапирмоқда: «Мен мураббий ва клуб раҳбарияти билан келажагим масаласини муҳокама қилдим. Уларга кўпроқ ўйнамоқчилигим, шу туфайли клубни ўзгартирмоқчи эканим ҳақида айтдим. Италияга қайтаманми? Ҳа, шундай бўлишини истардим».

Унга айни вақтда «Наполи» даъвогар бўлиб турибди. Неаполитанликлар клуби бу ҳимоячини кейинчалик трансфер қилиш шарти билан ижарага олишмоқчи.

6. Антони Марсиял

Ёзнинг энг безор қилган трансфер афсоналаридан бири. «Марсиял «МЮ»дан кетишни истамоқдами? Ҳаётда барча истаклар ҳам амалга ошавермайди». Моуриньо бутун ёз давомида француз ҳужумчисини нишонга олиб келди. Кетиш истагини яширмаган футболчи агенти орқали июнь ойи бошидаёқ барчасини маълум қилганди. Аммо «МЮ» футболчини инглиз клубларига қўйиб юборишни истамади, унга «Челси» ва «Тоттенҳэм» талабгор бўлиб чиққанди. Клуб футболчини «Бавария»га Боатенг эвазига таклиф қилди, аммо мюнхенликлар клуби рад қилди. Боатенгнинг ўзи эса Моуриньога телефон қилиб, Манчестер клубида ўйнашни истамаслигини билдирди. Энди ҳамма кутмоқда. Агар Антони Манчестерда қолса, унинг ўзи ҳам, Моуриньо ҳам, клуб ҳам бунга ҳайрон бўлмайди.

7. Матео Ковачич

Хулен Лопетеги «Реал» мухлисларини тинчлантиришга уринди: «Матео Ковачич ҳамма қатори машғулотларда иштирок этмоқда. Унинг кетмоқчи экани ҳақида ҳеч нарсани билмайман».

Бу гаплар унчалик ишонарли эмас. Мисол учун, аввалги машғулотларни Ковачич ўтказиб юборган эди. У 20 июль куни бош мураббий билан гаплашиб, ўзини бошқа клубга қўйиб юборишини сўради. Бироқ, «Реал» барча таклифларни рад қилди.

Ковачич таътилдан қайтганидан сўнг, вазият яна такрорланди: у клубга мурожаат қилиб, трансфер ҳақидаги таклифларни кўриб чиқишни сўради. Ковачичнинг мақсади аниқ: у доимий ўйин амалиётига эга бўлмоқчи. «Реал»нинг мақсадини ҳам тушунса бўлади: Ковачич асосий таркиб футболчиси сифатида бўлмаса ҳам, захира футболчиси сифатида клубга керак.

8. Марио Балотелли

2018 йилнинг майи. Марио Балотелли «Ницца» мухлислари билан хайрлашди: унинг шартномаси муддати тугаганди.

2018 йилнинг июни. Балотелли «Марсель» билан шахсий шартнома бўйича келишувга эришди. Одил Рами Марио «Марсель»да асосий футболчига айланишини айтди.

2018 йилнинг июли. «Ницца» янги бош мураббий Патрик Виейра билан мавсумолди йиғинини бошлади. Балотеллисиз.

2018 йилнинг июль ойи ярми. Балотелли жамоага қўшилди. Нималар бўлмоқда? Шартномага кўра, у эркин агентга айланмаган. Энди унинг трансфери учун «Ницца» пул сўрамоқда.

9. Роберт Левандовски

Икки йилдан буён Левандовскининг «Бавария»дан «Реал»га ўтиши ҳақида ёзилади. Ҳар трансферлар даричаси вақтида у яна Мюнхенда қолаверади. Бу ёзда ҳам клубнинг янги бош мураббийи Нико Ковач футболчи билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди: «Роберт кетиш ҳақида ўйламоқда. Аммо у хоҳлаши билан клуб хоҳлаши бошқа-бошқа гап. Унинг клуб билан шартномаси бор, у профессионал футболчи. Уни қўйиб юбормаймиз. Биз олдиндаги мавсумда кўп нарсаларга эришмоқчимиз, Роберт – топ-форвард».

Роберт иложсиз ҳолатда.

10. Лука Модрич

Бир неча кун муқаддам, «Интер» «Бавария»га Артуро Видаль бўйича таклиф юборганида, Лука эса оиласи билан пляжда ҳордиқ чиқараётганида, бундай хабар мутлақо асоссиз кўринарди. Аммо бир кун ичида барчаси ўзгарди. «Барселона» яна бир итальян клуби нишонини илиб кетди, каталонияликлар футболчи учун кўпроқ таклиф қилишди. Миланликлар эса бунинг ортидан «Реал»га юзланиб, Лука Модрични сўради. «Майли, фақат 750 млн евро тўлаб», — дея жавоб қайтарди Флорентино Перес.

Ҳозирда бундай трансфер фантастика бўлиб кўринмоқда, аммо журналистларнинг аниқлашича, Модричнинг ўзи Флорентино Пересдан ўзини Миланга қўйиб юборишни сўраган. Бу футболчи ва президент ўртасидаги «жентльменларча келишув» орқали амалга ошадиган трансфер бўлиши мумкин. «Интер» бош мураббийи Лучано Спаллетти клубда катта маблағ йўқлигини билади, аммо у Модрич трансферини орзу қилмоқда.

Мавзуга оид