Сил (туберкулёз) ҳақида нималарни биламиз? Уни енгиб ўтиб, соғайиб кетиш мумкинми? Сил билан хасталанган инсоннинг жамиятдаги кейинги тақдири нима бўлади?

Бугунги мақоламизда силга йўлиққан, аммо, уни енгиб ўтиб, тўлиқ соғайиб кетишга муваффақ бўлган, кейинги фаолиятида эса сил билан хасталанганларга ёрдам қўлини чўзишни ўз мақсадига айлантирган инсон, Сарвар Отажонов ҳақида суҳбатлашамиз.

Сарвар Отажонов Хоразм вилояти, Хонқа туманида истиқомат қилади. Оилалик, икки нафар қизини тарбияламоқда. Икки йил олдин у оила боқиш, рўзғор тебратиш илинжида Россияга ишлагани кетади. У ерда жуда мураккаб шароитларда меҳнат қилиб, оғир хасталик - силга чалинади.

«Мен қисқа муддат давомида Россияда ишладим. Меҳнат шароитим жуда оғир эди. Ҳатто зах ертўлада яшашга мажбур бўлдим. Натижада, соғлигим ёмонлашди. Дастлаб қисқа йўтал, ҳолсизланиш, иситмамнинг кўтарилиши мени хавотирга сола бошлади. Ишсиз қолишимдан қўрқиб, соғлигимга аҳамият бермадим. 1 ой ичида йўталим кучайиб, иштаҳам йўқолди. Тез-тез иситмалаб, мадорсизлана бошладим. Натижада, уйга қайтишга мажбур бўлдим» - дейди Сарвар.

Ўзбекистонга қайтиб келгач, Сарвар сил касаллигига чалинганини аниқлайди. Бу эса уни даҳшатга солади.

«Уйга қайтиб келгач, шифокорларнинг кўрсатмаси билан анализ топширдим ва менда сил касаллиги борлигини билдим. Бу мени қаттиқ руҳий тушкунликка солди. Энди нима бўлади, оила-аъзоларим, турмуш ўртоғим менга қандай муносабатда бўлади, айниқса қўшнилар нима дейди, деган саволлар хаёлимда айланаверди».

Шундан сўнг, Сарвар шифохонада 2 ой даволанди. Даволаниш асносида у деярли ҳар кунида ўзининг ҳолатини назорат қилар, шифокор тавсия қилган дориларни мунтазам ичиш натижасида ўзидаги содир бўлаётган ўзгаришларни ён дафтарчасига қайд қилиб борар эди. Ниҳоят, чеҳрасида ўзгариш бўлиб, иштаҳаси очилиб, кун сайин аҳволи яхшиланаётганлигини ҳис қилди. Сарварни даволовчи шифокор 57-куни унинг олдига кириб, бу касалликдан бутунлай тузалганлигини айтади. Буни эшитган Сарварнинг кўзларида ёш қалқиди...

Сил касалининг азобларини ўз бошидан ўтказган, бу касалликка қарши курашиб, уни енгиб ўтган Сарвар бошқаларга ҳам ёрдам қўлини чўзишга қарор қилди.

«Бу касалликни даволаш учун ҳар бир фурсат ғанимат. Демак, янги келган беморларга ҳам бу касалликнинг давоси борлиги ҳақида тушунтириб, бошқаларга ҳам ёрдам беришим керак», деган хулосага борди.