Жаҳон | 20:00 / 21.08.2018
10691
2 дақиқада ўқилади

Индонезияда акулани миниб сайр қилган дайвер ҳибсга олинди

Индонезиядаги Чендравасих миллий паркида тўрт шахс китсимон акулани миниб сайр қилишди. Ушбу ҳолат тасвирланган видеолавҳани маҳаллий Slank рок-гуруҳи аъзоси Вира Сатриажи интернетга жойлади. 

«Бу видео Чендравасих миллий паркида тасвирга олинганини айтишмоқда. Дайверлар китсимон акула устида сайр қилишмоқда», деб ёзди у.

Сатриажи шунингдек Твиттерда мазкур ҳолат ҳақида денгиз ишлари ва балиқчилик хўжалиги вазири ҳамда ўрмон хўжалиги вазирига ҳам маълум қилди.

Чендравасих миллий парки маъмурияти бу ҳодисага зудлик билан муносабат билдирди ҳамда суриштирув ишлари олиб борилишини маълум қилди.

Lad Bible нашрининг ёзишича, акулани маҳаллий тадбиркорлардан бири миниб сайр қилган ва у аллақачон ҳибсга олинган. Нашрнинг билдиришича, унинг дайвинг учун берилган лицензияси олиб қўйилиши мумкин.

Индонезия қонунларига кўра, китсимон акулаларга тегиниш тақиқланган. Уларни жароҳатлаш жуда осон ва секин ҳаракатлангани боис осонгина овчилар ўлжасига айланади. Қонунга мувофиқ, дайверлар бу акулалардан камида бир метр масофада бўлишлари лозим.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид