Ўзбекистон | 19:25 / 10.09.2018
22942
2 дақиқада ўқилади

Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи бўйича расмий маълумот берилди

Фото: President.gov.by

Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенко 12 сентябрь куни Тошкентга келади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Комил Алламжонов ўз расмий саҳифасида маълум қилган.

«Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиш учун Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенко 12 сентябрь куни Тошкентга келади. Асосий музокаралар 13 сентябрь куни Кўксаройда бўлиб ўтади, икки томонлама ҳужжатлар имзоланади. Давлат раҳбарларининг пойтахтимиздаги саноат корхоналари, Беларусда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасига ташриф буюриши ҳам режалаштирилган», дейилган хабарномада.

Бўлажак олий даражадаги учрашув ва музокараларда икки томонлама ҳамкорликка доир кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиш, сиёсий мулоқотни, савдо-иқтисодий, инвестиция, фан ва таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган асосий йўналишларини белгилаб олиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Ташриф доирасида Тошкент шаҳрида «Беларусда ишлаб чиқарилган» миллий кўргазмаси ташкил этилади, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ва ҳудудлари раҳбарлари иштирокида қўшма бизнес ва ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтади.

Олий даражадаги музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали дўстона алоқаларга янги суръат бахш этишга қаратилган салмоқли давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Бундан аввалги хабарларда Беларусь президенти 13 сентябрь куни Ўзбекистонга келиши айтилганди.

Мавзуга оид