Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Росгвардияни ким овқатлантиради? Навальний ва Золотов можаросига Медведевнинг қандай алоқаси бор?
Россия Миллий гвардияси раҳбари Виктор Золотов Коррупцияга қарши курашиш фонди раҳбари Алексей Навальнийга видеомурожаат йўллаб, уни дуэлга чорлади. Август ойида Росгвардияни ҳарбийлар учун маҳсулотларни оширилган нархларда сотиб олишда айблаб чиққан Навальний айни вақтда маъмурий жазо сифатида 30 кун муддатга қамалган.
Коррупцияга қарши курашиш фонди 23 август куни Росгвардия учун озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилишидаги қоида бузилиши бўйича текширувлари натижасини эълон қилганди. Фонд ходимлари аниқлашича, 2017 йил декабрида «Мясокомбинат «Дружба народов» МЖЧ Росгвардия учун ягона етказиб берувчига айлангач, маҳсулотлар учун нархлар бир неча бор кўтарилган. «Дружбы народов» хўжайини сифатида Борис Кантемиров кўрсатилган — у ўз вақтида Ички ишлар вазирлигининг Ички қўшинлари Марказий архивида бошлиқ бўлган. Росгвардия 2016 йилнинг апрелида айнан Ички қўшинлар базасида ташкил этилган. ИИВ ички қўшинлари бошлиғи бўлган Виктор Золотов Росгвардия раҳбарига айланган.
Фонд материалларида карамнинг 1 килограмми ўтган йили 14,96 рублга харид қилингани ҳолда, бу йил 46,78 рублдан сотиб олинаётгани, нарх ўтган йилдагидан 3 баробар қимматлашгани айтилганди. Пиёзнинг 1 килограмми эса ўтган йили 16 рублдан, бу йил эса 37 рублдан сотиб олинмоқда. Олма шарбатининг нархи ҳам икки баробар ошган - 1 литри учун 40 рубль ўрнига 87 рублга. Картошка, сабзи, ёғ ва бошқа маҳсулотлар билан ҳам шу аҳвол.
Росгвардия ва «Дружбы народов» ўртасидаги шартнома ҳажми 2 миллиард 400 миллион рубни ташкил этган.
Росгвардия учун белгиланган нархлар нафақат ўтган йилдаги нархлардан, балки ҳозирги бозор нархларидан ҳам юқори. Масалан, Москвадаги «Пятёрочка» дўконида, дўкон ижараси, ташиш ва хизматчилар учун харажатлар чиқариб ташланганида 1 килограмм пиёз баҳоси 26 рублдан сотилади, катта миқдордаги маҳсулотлар учун кўтарасига буюртма берадиган Росгвардия эса пиёзнинг 1 килограммини 37 рублдан сотиб олмоқда.
Ёғ. Пятерочкада 1 кг учун 381 рубль, Росгвардия 470 рублдан олади;
Картошка. Пятерочкада 24 рубль, Росгвардия 31 рублдан сотиб олади;
Карам. Пятерочкада — 14 рублдан, Росгвардия учун 46 рубль;
Олма шарбати. Пятерочкада — 76, Росгвардия учун — 87 рубль.
«Албатта, савол туғилади. Бу ўғирланган миллиардлар кимнинг чўнтагига кетмоқда?
Буни ФСБдан сўраш керак, Тергов қўмитасини саволга тутиш керак. Золотовдан, Путин ва Медведевнинг дўстларидан сўраш керак. Улар аниқ билади», дея якунлаганди Навальний ўз чиқишини.
31 август куни Росгвардия Коррупцияга қарши курашиш фондига жавоб қайтарди: «Ўзини коррупцияга қарши курашувчи сифатида кўрсатадиганларнинг бундай «текшируви» Россия Федерацияси миллий гвардияси жангчиларининг Федерал хизмати раҳбариятига қаратилган очиқ айблов бўлиб, бу ёлғонлар ва ивғоларга тўладир. Амалдаги қонунчиликка биноан ҳукумат томонидан белгилаб берилган ташкилот РФ Миллий гвардиясига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш хизматини кўрсатади. Мақола муаллифлари 2017 йилги нархларни 2018 йилнинг июнидаги нархлар билан солиштиришган ва мавсумий нарх ўзгаришларини ҳисобга олишмаган. Декабрь ойида маҳсулотлар нархи тушиб, июнь ойида нархлар максимал даражада кўтарилади».
Бир кун ўтиб Росгвардиянинг иккинчи жавоби чиқди: «Ҳа, аввал нархлар арзон эди, аммо маҳсулотлар сифати ёмон бўлган. Энди нархлар юқори, лекин маҳсулотлар сифати яхши!».
Бугун эса Росгвардиянинг раҳбари Виктор Золотов шахсан жавоб қайтарди: «Жаноб Навальний, сизни дуэлга чақираман, сиздан ширали котлет тайёрламоқчиман».
Қайд этиш керакки, Росгвардияни қиммат аммо сифатли маҳсулотлар билан таъминлай бошлаган «Дружбы народов» комбинати раҳбари Борис Кантемиров ўз вақтида Золотов билан бирга ҳамкорлик қилишдан ташқари, охирги йилларда бизнесмен Борис Ванинский билан ҳам ишлаган. Коррупцияга қарши курашиш фондининг ҳисоблашича эса, Ванинский РФ бош вазири Дмитрий Медведевга яқин одам ҳисобланади.
Кантемиров «Ресурс Сервис» компаниясига ҳам раҳбарлик қилган. Бу компания Медведевнинг Москва вилояти, Маслово ҳудудида жойлашган «норасмий қароргоҳи»га тўғридан-тўғри алоқадор бўлган.
«Бизда шундай тасаввур ҳосил бўлмоқдаки, Росгвардия «Дружба Народов» комбинати бенефициари ёки Медведевнинг ўзи, ёки унинг атрофидаги одамлардан бири», — дейилганди Коррупцияга қарши курашиш фонди тадқиқотида.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил мартида Коррупцияга қарши курашиш фонди «Он вам не Димон» («У сизга Димон эмас») номли тадқиқотлари натижаларини эълон қилганди. Унда РФ бош вазири Дмитрий Медведев бошқа шахслар номига расмийлаштирилган қимматбаҳо турар жойлардан фойдаланиши ҳақида айтилганди. «Он вам не Димон» материаллари ортидан Россияда коррупцияга қарши кенг кўламли намойишлар ўтказилганди.
Азиз Қаршиев
Мавзуга оид
09:42 / 11.12.2025
Экспертлар: Россия фронтдаги йўқотишларни қоплаяпти, қўшин сони ошмаяпти
23:45 / 07.10.2025
Медведев: «Европаликлар сўйилишга кетаётган ҳайвондай титрасин»
22:39 / 30.09.2025
Трамп ядровий таҳдидлари туфайли Медведевни «аҳмоқ одам» деб атади
11:35 / 04.08.2025