Жамият | 10:21 / 27.09.2018
19878
2 дақиқада ўқилади

Навоийда олтинли қум ўғрилари ушланди

Иллюстратив фото/РИА Новости

Жорий йил 20 сентябрь куни Бухоро вилоятида яшовчи У.Ҳ. икки нафар шериги билан Навоий кон-металлургия комбинати Марказий кон бошқармаси “Мурунтов” конига қарашли захира қум омборига боради. Шериклар ўша ҳудуддан таркибида олтин зарралари бўлган қумни ўғирлашга киришади, деб ёзмоқда ЎзА.

Аввалига ҳаммаси силлиқ кетаётгандек эди, аммо қум тўлдирилган идишлар билан узоққа бориб бўлмади. Улар Томди тумани ҳудудида далилий ашёлар билан ушланади. 

“Олғир”лар ўз қинғирликлари сабаб ички ишлар ходимидан маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортмаслик ҳамда тўпланган ҳужжатлар бўйича енгиллик яратиб беришни сўраб, эвазига 500 минг сўм пулни пора сифатида таклиф қилади.

Туман ички ишлар бўлими ходими ўз раҳбарига берган ахборотига мувофиқ, вилоят ички ишлар бошқармаси хавфсизлик бўлими ва прокуратура органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро жиноят устида қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид