Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕТТБ-Ўзбекистон: 2018-2023 йиллар учун янги стратегия қабул қилинди
Фото: AP
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 2018-2023 йилларга Ўзбекистон учун янги стратегияни қабул қилди. Ҳужжат ЕТТБ Директорлар кенгаши томонидан тасдиқланди. Унда қайд этилишича, стратегия очиқ, интеграциялашган ва экспортга йўналтирилган иқтисодиётни кўзда тутади.
ЕТТБга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг устувор мақсадлари - иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, бизнес-муҳитни яхшилаш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш.
Банк янги стратегия доирасида хусусий секторни кучайтириш ҳисобига рақобатбардошликни оширишда давом этади. Жумладан, ЕТТБ кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллий капитал бозорларини ривожлантириш ва молиявий институтларни мустаҳкамлашга кўмак беради. Молиявий институт шунингдек давлат корхоналарини приватизациялаш ва Ўзбекистондаги инвестицион иқлимни яхшилашга доир саъй-ҳаракатларни ҳам қўллаб-қувватлаш ниятида.
Банк яшил энергетика ва табиий ресурслардан самарали фойдаланишга оид лойиҳаларга ҳам кўмаклашади. Шунингдек, ЕТТБ Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишидаги салоҳиятини оширишда ҳам ёрдам беради. Банк ва Ўзбекистон энергетика хавфсизлиги, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва электр энергия етказиб бериш ҳамда уран рекультивацияси бўйича самарадорликни ошириш йўлида ҳамкорлик қилишни режалаштирган.
ЕТТБ шунингдек мамлакатдаги транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва минтақавий тармоқлар билан алоқаларни яхшилашга доир лойиҳаларни ҳам молиялаштиради. ЕТТБ минтақавий энергетик ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.
Банк ўзининг TFP (савдо-сотиққа кўмаклашиш) лойиҳаси орқали Ўзбекистон корхоналари ва молиявий институтлари экспорт фаоллигини мобиллаштиришни режалаштирмоқда.
Стратегия доирасида ЕТТБ Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва инфратузилмасини яхшилашда ёрдам кўрсатади.
Мавзуга оид
21:42 / 21.12.2025
Ўзбекистонда 9 ойда энг кўп чақалоқ Самарқанд вилоятида туғилган
22:17 / 17.12.2025
Ўзбекистон дунёда сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган мамлакатлар қаторига кирди
19:32 / 15.12.2025
Киши бошига табиий бойликлар: Саудияда 1 млн, Россияда 520 минг доллар. Ўзбекистонда-чи?
18:58 / 14.12.2025