Жамият | 11:09 / 01.10.2018
7765
2 дақиқада ўқилади

Андижонлик чемпионлар ўз мураббийларини қутлашди

Андижон вилоятини бежиз “Чемпионлар юрти” дея атамайдилар. Чунки вилоятда юрт байроғини қитъа ва жаҳон спорт форумларида юқори кўтарган кўплаб ғолиб спортчилар етишиб чиққан ва камол топмоқда. Уларнинг бу даражага етишлари мураббийларнинг матонатли меҳнатлари самарасидир.

“Устоз ва мураббийлар” байрами муносабати билан Андижон вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов билан биргаликда олимпия захиралари мактаб-интернатига шогирд ва устозларни йўқлаб бордик.

Жорий йил Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ғолиб бўлган боксчимиз Иқболжон Холдоров ўз устози Абдувоҳид Жалоловни байрам билан табриклади.

“Тўрт йилдан буён устоз сабоғини олиб, муваффақиятларга эришдим. Абдувоҳид акани ва барча мураббийларни байрам билан қутлайман”,-дейди Иқболжон Холдоров.

Осиё ўйинларидаги миллий кураш тури мусобақаларида бронза медалини қўлга киритган Ойсулув Абдумажидованинг устози - Собиржон Пардаев. “Насиб қилса, мураббийим кўмаги билан ҳали кўп ютуқларни қўлга киритаман. Собиржон акага раҳмат айтиш билан биргаликда, бугунги байрам билан табриклайман”, - дейди Ойсулув.

Яна бир ёш мураббий Шаҳноза Мерганованинг уч шогирди Сўғдиёна Жалолиддинова, Муҳайё Сотқинбоева ва Фаррух Хабибуллаевлар Россиянинг Тула шаҳрида бўлиб ўтган Қўл жанги бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида ғолиб ва совриндор бўлдилар.       

Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид