Шу йилнинг 14 сентябрь куни «Kun.uz» сайтида «Аччиқ қалампир экканларни пиёз экканлар қисмати кутмоқдами?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мақола сўнгида аччиқ қалампир етиштириш кампанияси натижасига умид қилиб, қалампир етиштирган фермерлар қандай муаммоларга дуч келаётгани хусусида навбатдаги лавҳаларда маълум қилиниши айтилганди. Шу муносабат билан таҳририятнинг Самарқанд вилоятидаги мухбири мазкур масалада олиб борган ўрганишларини тақдим этди.

Бугунги кунда аччиқ қалампир эккан фермерларни маҳсулотга харидор топиш масаласи қийнамоқда. Бу муаммо Самарқанд вилоятида ҳам кузатилаётганига вилоятдаги айрим туманларда олиб борган ўрганишларимиз давомида гувоҳ бўлдик. Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги 62-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятида ҳам катта ер майдонларида фермерлар томонидан аччиқ қалампир экилган.

Булунғур тумани

Туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи маълумотига кўра, Булунғур тумани ҳокимининг 2018 йил 1 мартдаги 462-Қ-сонли қарорига асосан фермер хўжаликлари ер майдонларининг 117 гектарига аччиқ қалампир экиш бўйича «Chiliuz» масъулияти чекланган жамияти билан кўчат тайёрлаб етказиб бериш режалаштирилган. АТБ «Агробанк» Булунғур филиали томонидан 241та фермер хўжаликларига 1 миллиард 349 миллион сўм кредит маблағлари расмийлаштирилган. Экиндан ўртача 93 центнердан жами 1089 тонна ҳосил олиниши кутилмоқда. Бугунгача етиштирилаётган ҳосилни харид қилиш бўйича фермер хўжаликлари ва бирорта ташкилот ўртасида шартнома тузилмаган ва бўнак пуллари ажратилмаган.

АТБ «Агробанк» Булунғур филиали бошқарувчиси ўринбосари Исомиддин Абдукаримовнинг айтишича, аччиқ қалампир етиштириш учун туман фермер хўжаликларига 1,5 миллиард сўм кредит маблағлари берилган.

Туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Мирзабек Шерманов билан аччиқ қалампир экилган ер майдонларини кўздан кечирдик ва айрим фермер хўжаликлари раислари билан суҳбатлашдик.