Ўзбекистон | 19:24 / 05.10.2018
18099
2 дақиқада ўқилади

Франция фуқаролари учун визасиз режим кучга кирди

Фото: wetravelandblog.com

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 4 октябрдаги 5551-сонли фармонига мувофиқ шу йилнинг 5 октябридан эътиборан Франция Республикаси фуқаролари учун 30 кунгача муддатга визасиз режим кучга кирди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати KUN.UZ'га шу ҳақида хабар берди.

Бундан мақсад - Ўзбекистон ва Франция ўртасида ўзаро маданий, илмий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, халқаро муносабатларни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш. Бу эса ўз ўрнида мамлакат инвестицион муҳити ҳамда туристик салоҳияти ривожига ижобий таъсир кўрсатади. 


Шуни таъкидлаш жоизки, Франциядан Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. 2016 йилда уларнинг сони 4 889 кишини ташкил қилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 5 748 кишига етди. 2018 йилнинг дастлабки саккиз ойига кўра, мамлакатимизга саёҳат қилаётган францияликлар сони 9 172 нафарни ташкил қилмоқда. 

Шунингдек доимий равишда Ўзбекистондаги халқаро туристик ярмаркаларга Франция туристик компанияларини жалб қилишга оид ишлар олиб борилмоқда.

"Мега-ахборот-турлари" дастури доирасида Франциянинг 200 дан зиёд туристик компаниялари вакили ва 30 нафар ОАВ вакили Ўзбекистонда бўлди. Бунинг натижаси сифатида Францияда Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий мероси, туристик салоҳиятини акс эттирувчи қатор мақолалар чоп этилди ҳамда теледастурлар эфирга узатилди. 

Мавзуга оид