Жаҳон | 19:30 / 12.10.2018
17125
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистонлик амалдорнинг самолётдаги жанжали Ташқи ишлар вазири истеъфосига олиб келди

Қирғизистоннинг Жанубий Кореядаги элчисининг шов-шувли баёноти ортидан мамлакат Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев истеъфога чиқди.

Эрлан Абдилдаев
© Sputnik / Болат Шайхинов

Шу кунларда Қирғизистон хавфсизлик кенгаши Ташқи ишлар вазирлигида рўй берган қоидабузарликлар бўйича текширувнинг дастлабки натижаларини эълон қилганди. Унга кўра, вазирликнинг кадрлар сиёсатидаги тартибсизликлар, шунингдек, доимий равишда маълумотлар сизиб чиқиши аниқлангани қайд этилганди.

«6 йил давомида Қирғизистон Ташқи ишлар вазири бўлиб ишладим. Энди ўз хоҳишимга кўра истеъфо бердим. Давлат раҳбари истеъфомни қабул қилди», дейилади Эркин Абдуллаевнинг ТИВ матбуот хизмати томонидан тарқатилган баёнотида.

Республика матбуот хизмати ҳам президент истеъфо қабул қилинганини тасдиқлаган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигида бир-бирини фош қилишлар 23 сентябрь куни Қирғизистон меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири ўринбосари Зууракан Каденова маст ҳолатда «Эйр Астана» Сеул-Олмаота рейсида жанжал келтириб чиқаргач, ишдан бўшатилиши ортидан бошланиб кетди.

Фото: Tengrinews.kz

Юқори лавозимли амалдор борт кузатувчилар билан жанжаллашиб, уларга дипломатик паспортини кўрсатган, оқибатда экипаж сардори аёлни рейсдан олишга қарор қилганди. 

Каденова зудлик билан ишдан олинганига қарамасдан, парламент депутатлари вазирлик раҳбарияти вакилларининг мамлакатдан ташқарига кўпдан-кўп сафарларига эътибор қаратишди. 2018 йил бошидан буён Қирғизистон меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири ва унинг икки ўринбосари хорижга жами 26 марта сафар қилишган. Якунда вазирлик раҳбариятининг барча вакиллари лавозимини йўқотди.

24 сентябрь куни Қирғизистоннинг Сеулдаги элчиси Қиличбек Султон Бишкекда матбуот анжумани ўтказиб, вазир ўринбосари билан боғлиқ воқеа тафсилотларини маълум қилди. У Қирғизистон президенти маъмуриятидан қўнғироқ қилишиб, мазкур воқеа ҳақида гапирмасликни талаб қилишганини айтган. Шунингдек, Қиличбек Султон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ходимлари 2015-2016 йилларда қатор қонунбузилишларга йўл қўйишганини маълум қилган.

Қиличбек Султон
Фото: 24.kg

Қирғизистон ТИВ Қиличбек Султон яна бир бор давлат хизматчиларининг ўзини тутиш тартибини назорат қилувчи қонунчилик меъёрларини ва дипломатик ахлоқ меъёрларини бузганини таъкидлади. Вазирлик шунингдек, элчининг ўзи хизмат вазифасида қонунчиликни бузгани ҳақида маълумотлар борлигини, улар текшириб чиқилиб тегишли органларга топширилишини билдирди.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши ўтказган текширувларда ТИВ кадрлар сиёсати ўта заиф экани ва доимий равишда маълумотлар сизиб чиқиши кузатилгани аниқланган.

Мавзуга оид