Жаҳон | 21:40 / 16.10.2018
15575
2 дақиқада ўқилади

Никол Пашинян истеъфога чиқди

Фото: ТАСС

Арманистон бош вазири Никол Пашинян истеъфо берди. У бу ҳақда мамлакат телевидениеси орқали чиқишида эълон қилган.

У навбатдан ташқари парламент сайловлари бошлангунига қадар бош вазир вазифасини бажарувчи ҳисобланади.

«Мен истеъфо бераман (...). Барчага сайловларда муваффақият тилайман. Бу формал характердаги истеъфо. Мен бош вазир ваколатини бажаришда давом этаман. Биз сайлов адолатли ўтишига кафолат берамиз», — деган Пашинян.

Никол Пашинян шу йилнинг май ойида оммавий намойишлар орқали ҳокимият тепасига келганди (намойишлар мамлакатнинг собиқ президенти Серж Саргсян бош вазирга айланиб олиши ортидан бошланганди).

У парламент тарқатиб юборилиши ва янги сайловлар ўтказилиши учун истеъфога чиқди.

Пашиняннинг «Фуқаролик келишуви» партияси мамлакат парламентида 105 мандатдан атиги 5 мандатга эга ҳисобланади. Пашинян сайловлардан кейин вазият ўзгаришига умид қилмоқда. 

Арманистон Конституциясига кўра, бош вазир истеъфога чиққанидан кейин мамлакат парламенти 14 кун ичида ҳукуматнинг янги раҳбарини сайлаши керак бўлади. Агар бу иш икки уринишда амалга ошмаса, парламент тарқатиб юборилади ва навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилади.

Айни вақтда Арманистон парламентининг 4 фракцияси ҳукумат раҳбарлиги учун номзодларини илгари сурмаслигини маълум қилган. Пашиняннинг режасига кўра, муддатидан илгариги парламент сайловлари декабрь ойининг биринчи ярмида ўтказилиши керак.

Мавзуга оид