Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навоийда ноқонуний ўтказилган аукцион қайта ташкил этиладими? Вилоят прокуратураси жиноий иш қўзғади
Шу йилнинг 1 август куни Kun.Uz таҳририятида “Навоийда ўтказилган аукционда президент қарори бузилди?!” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Унда Президентнинг шу йил 16 мартида имзолаган ПҚ-2841-сонли қарори ижроси жойларда қандай амалга оширилаётгани, хусусан Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги қоракўлчиликка ихтисослашган “Сармиш” хўжалигини ким ошди савдоси орқали тадбиркорларга сотиш чоғида йўл қўйилган қонунбузарликлар ҳақида сўз борган эди.

Жумладан, туманнинг собиқ ҳокими Бобоназаров томонидан низом талабларига зид равишда ўтказилган аукционларнинг (аслида ўтказилмаган) сохта баённомалари асосида “Сармиш” ш/х мулкини тадбиркорларга тақдим этишга доир қарорларга имзо чеккани, даставвал 400 млн сўмга ким ошди савдоси орқали сотилган мол-мулк кейинчалик 19 млн сўм эвазига бериб юборилгани, Президент қарори билан тасдиқланган Низомнинг 13- ва 31-бандлари талаблари бузилгани, туман ва вилоят прокуратураси томонидан бу каби қонунбузарликларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмагани, “Сармиш” ширкат хўжалиги балансида бўлган 2 минг бошдан ортиқ қўй-эчки сунъий равишда кўрсатилган 15 минг қўй-эчки билан бирга “бедарак ғойиб” бўлгани ҳақида ахборот берилган, фермерлар ва МЧЖларнинг ҳуқуқлари бузилиши қачонгача давом этишига доир ҳақли савол ўртага ташланган эди.
Kun.Uz таҳририяти сайёр гуруҳи юқоридаги мақолада жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган муаммо юзасидан вилоят давлат идоралари томонидан қандай ишлар, ўрганишлар амалга оширилганини жойида аниқлаш мақсадида ушбу мавзуни яна бир бор ўрганди. Одатдагидек, даставвал, ҳуқуқлари бузилган фермерлардан бири билан учрашдик.

“Сизлар келиб кетгандан сўнг, мутасаддилар бизнинг муаммоларимизга қизиқиш билдира бошлашди. Бироқ, ҳозирча, деярли ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Бир ҳоким келиб 1320 гектар ер берган эди, майда шохли чорвачилик билан шуғулланишим учун. Тошкентдаги таъсисчимиз томонидан киритилган 750 млн сўмни сарфлаб бўлдим. Афғонистон ва Россиядан 4-5та қўзи берадиган зотдор қўйлардан олиб келмоқчи эдим. Бунинг учун шартномалар тузиб қўйдим. Шунга биноан қурилиш ишларини олиб бордим.
Навбаҳор туман биржасидан келиб, 15та иш ўрни яратаман, деб айтгансиз, шу ҳақда тилхат беринг, дейди. Ҳисобот бериши керак экан. Бунинг учун жавоб бераман, ахир. Мен айтган бўлсам, олдинги бизнес режамга асосланиб айтганман. 15та эмас, қоқ даштни ўртасида 20та иш ўрни ташкил этиш истагида эдим. Аммо, аукционда иштирок этдим, аммо унинг натижасида мен олдин тендер асосида олган еримдан ҳам ажралдим. Энди, сармоядорларим пулини талаб қилишяпти. Уларнинг айтишича, 1,5 йил ичида қилган ишларимдан самара ва натижа кўзга ташланмаган”, - деди Тўлқин Эшназаров.
Биз МЧЖ таъсисчисининг нима учун сармоясини олиб чиқишга қарор қилганини билиш мақсадида “Business Development Consulting” фирмасининг юристи Нурмуҳаммад Саидаҳмадовга мурожаат қилдик.

“Бизнинг корхона раҳбарияти Навбаҳор туманидаги “Olchin Agro Eksport” МЧЖ муассислигидан чиқиб, унга тақдим этган 750 млн сўм пулни қайтариб олишга қарор қилди. Сабаби шундаки, назаримизда, бу туманда қонун устиворлиги таъминланмаяпти, тадбиркорларга фаолиятларини нормал тартибда олиб боришлари учун етарли шарт-шароитлар яратилмаяпти. Албатта, бу фикрлар “Olchin Agro Eksport” МЧЖ фаолияти таҳлили билан боғлиқ”, - деди “Business Development Consulting” юристи Саидаҳмадов.
Унинг сўзларига кўра, вилоят прокуратураси вакили туман ҳокими қарорларига нисбатан протест киритиш режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилган.

Таъкидлаш ўринлики, Kun.Uz сайтида эълон қилинган мақолада билдирилган фактлар ўз тасдиғини топган. Вилоят прокуратураси томонидан мақолада ёритилган муаммоларни ўрганиш жараёнида қонунбузарликлар аниқланган ва жиноий иш қўзғатилган. Вилоят прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Козим Козиев Kun.Uz мухбири билан мулоқотда шу ҳақда маълум қилди.
Унинг билдиришича, вилоятнинг Навбаҳор туманидаги “Сармиш” хўжалиги мулкларини аукцион орқали тадбиркорларга сотишда йўл қўйилган қонунбузарликлар, шунга доир мақола эълон қилинганидан сўнг, жиддий тарзда ўрганиб чиқилган ҳамда ЎзР Жиноят кодексининг 205-моддаси, яъни ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича жиноий иш қўзғатилган. Козиев, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани боис, туманнинг қайси мутасаддиларига қарши жиноий иш очилганига ойдинлик киритмади.
Козиевга кўра, айни вақтда мазкур жиноий иш юзасидан тергов ишлари давом этмоқда. Шу муносабат билан аукционда ўз ҳуқуқлари поймол этилган, деб ҳисобловчи тадбиркорлар ариза билан вилоят прокуратураси тегишли бўлимига мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Маълумки, ЎзР Жиноий-процессуал кодекси 322-моддаси, 3-бандига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари берган хабарлар ҳам жиноий иш қўзғатишга сабаб ва асос бўлиши белгиланган.
Мавзуга оид
09:31 / 13.06.2026
Ишга киритиб қўйишни ваъда қилган “сохта прокурор“ ушланди
23:10 / 30.05.2026
Навоийда минг доллар порани рад этган ЙПХ ходими мукофотланди
23:50 / 19.05.2026
Навоийдаги конда яширинча олтин қазиш билан шуғулланган гуруҳ ушланди
17:53 / 11.05.2026