Жаҳон | 22:42 / 21.10.2018
24010
8 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё инвесторларни нимаси билан жалб этиши мумкин?

Фото Stringer / REUTERS

Марказий Осиё глобал тушкунлик ўсиб бораётган шароитда инвесторлар учун янги маскан бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда BCG’нинг «Марказий Осиёга инвестициялар: бир минтақа, кўплаб имкониятлар» маърузаси муаллифлари.

BCG экспертлари минтақанинг нохомашё соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритиш салоҳиятини 40-70 млрд доллар деб баҳолашмоқда.

Макон излаб

Инвесторларнинг фонд бозорлари ва макроиқтисодий муҳитга нисбатан тушкунлиги 2017 йилда 2009 йилдагидан кўра рекорд даражага етди: BCG сўровида иштирок этганларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи (34 фоиз) яқин уч йилдаги бозор салоҳияти бўйича салбий тахминни билдирди.

Шу билан бирга сўровда иштирок этганларнинг 57 фоизи ривожланаётган бозорларга инвестиция киритиш тарафдори. Хатардан узоқроқ бўлишни истаётган инвесторлар хавфсиз активларга пул киритишга ҳаракат қилишади, аммо катта даромад олиш учун янги имкониятлар Марказий Осиёда юзага келмоқда, деб ҳисоблашмоқда BCG экспертлари.

Ягона шоданинг дурлари

Марказий Осиёдаги барча беш мамлакатнинг иқтисодий тузилмаси бир-бирига ўхшаш: улар бой табиий ресурсларга эга, аҳоли сони ўсмоқда, меҳнат қиймати паст, аммо инвестицион муҳит турлича. Doing Business рейтингида Қозоғистон 36-, Ўзбекистон 74-, Қирғизистон 77-, Тожикистон 123-ўринда. Туркманистон маълумотлар камлиги учун рейтингга киритилмаган.

BCG маълумотларига кўра, Марказий Осиёнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши 2000-2017 йилларда уч бараварга ошган. Аммо минтақанинг иқтисодий харитадаги вазни ўта енгиллигича қолмоқда - жаҳон ЯИМнинг 0,3 фоизга яқинини ташкил этади. Қиймат бўйича олиб қараганда, бу 240 млрд доллар атрофида бўлиб, Марказий Америка (255 млрд доллар) ва Финляндия (254 млрд доллар) кўрсаткичларига яқин.

Осиё банкининг прогнозига кўра, 2018 йилда Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш суръати 3,9 фоиз атрофида бўлади ва хомашё нархларининг ошиши ҳамда Хитой ва Ҳиндистон иқтисодиётидаги лойиҳалар, жумладан «Бир камар — бир йўл» лойиҳаси туфайли янада кўтарилиши мумкин.

Марказий Осиёда 70 млн нафарга яқин аҳоли яшайди. Минтақа ички истеъмол бозорининг ҳажми 2017 йилда 150 млрд долларга яқин бўлди.

Кейинги ўн йил ичида Марказий Осиё мамлакатларида хусусий истеъмол кўрсаткичи йилига ўртача 3,4 фоиздан ошди — бу Сингапур ёки Жанубий Корея кўрсаткичига мос келади ва жаҳондаги ўртача ўсиш кўрсаткичидан 1,5 фоизга юқоридир. Марказий Осиёда 2017 йилдаги аҳоли жон бошига истеъмол кўрсаткичи унчалик юқори эмас — 2107 долларни ташкил этади ва бу Шимолий Африка (2120 доллар) ҳамда Индонезия (2230 доллар) кўрсаткичларига яқин.

2017 йил якунларига кўра, Марказий Осиёда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 3603 долларни ташкил қилди. BCG таққослаш учун 69 млн киши яшайдиган Таиландни мисол қилиб келтиради, бу ерда аҳоли жон бошига ЯИМ сезиларли даражада юқори ва 6600 долларга тенг.

ЯИМ ва кўпаяётган аҳоли

Қозоғистон минтақанинг энг йирик иқтисодиёти ҳисобланади (ЯИМнинг 64 фоизи). BCG маълумотларига кўра, Қозоғистоннинг реал ЯИМ 2017 йилда 103 млрд долларни, аҳоли жон бошига ЯИМ эса 25 490 долларни ташкил этган: бу Ўзбекистонга нисбатан тўрт, Қирғизистонга нисбатан етти ва Тожикистонга нисбатан тўққиз баравар кўп демакдир.

БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистон инсон тараққиёти индексида 188 мамлакат орасида 56-ўринда туради – бу нафақат жаҳондаги ўртача даражадан, балки Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртача даражасидан юқорироқдир.

BCG ҳисоб-китобига кўра, Қозоғистон нохомашё соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш ҳажмини 32—52 млрд долларга ошириши мумкин. Марказий Осиёда инвестицион салоҳият бўйича етакчи учликдан Ўзбекистон (7-13 млрд доллар) ва Қирғизистон (1,3—2 млрд доллар) ҳам ўрин олган.

Малакали ишчи кучи Қозоғистон иқтисодий тараққиётининг жадал ўсиши омилларидан бири, деб ҳисоблашади BCG экспертлари. Ҳозирда мамлакат аҳолиси 18 млн киши бўлиб, йиллик ўсиш кейинги бир неча йил давомида 1,5 фоизни ташкил этган, 2030 йилга келиб эса аҳоли сони 20,3 млн кишига етиши мумкин. Нисбатан паст маош Қозоғистонга рақобатда устунлик бериши мумкин, дея қайд этмоқда BCG.

EIU маълумотларига кўра, мамлакатда ўртача иш ҳақи ойига 516 долларни ташкил этади: бу Чили, Руминия ва Хорватиядагига нисбатан 50 фоизга кам дегани.

Ўзбекистон ҳам қўшни давлатлар каби асосан хомашё нархлари ва асосий савдо ҳамкорларининг иқтисодиётига боғланган. 2016 йилда Тошкентнинг иккинчи ўринда турувчи савдо ҳамкори бўлган Россиядаги рецессия, Хитойдаги иқтисодий ўсиш суръатининг пасайиши, мамлакат хомашё экспорти асосини ташкил этувчи газ, мис ва пахта нархининг тушиб кетиши Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилди. Аммо мамлакатнинг ёш ва ўсишда давом этаётган аҳолиси минтақадаги энг йирик меҳнат бозорини ташкил этади (аҳоли сони 33 млн кишини ташкил этади).

Қозоғистон ва Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Қирғизистонда иқтисодий ўсишни ушлаб турувчи нефть-газ ресурслари йўқ. Аммо кейинги йилларда ЯИМ йилига 4 фоизга яқин бўлди ва 4,2 млрд долларга етди. Жаҳон банки маълумотига кўра, Қирғизистон иқтисодиёти ташқи таъсирга нисбатан мустаҳкамлашди.

Тожикистоннинг реал ЯИМ 2000 йилдаги 1,5 млрд доллардан 2017 йилда 4,4 млрд долларга етди. BCG экспертлари мамлакатда 2018-2021 йилларда ўсиш юқори бўлишини кутишмоқда. 2017 йилда Moody’s рейтинг агентлиги айрим иқтисодий институтларнинг заифлиги ва валюта резервларининг паст даражада эканлигини таъкидлаганди, аммо «банк тизими учун жиддий стресс бўлишига қарамасдан, ҳукумат ва марказий банк нисбатан иқтисодий барқарорликни ушлаб турибди».

Марказий Осиё учун уч устувор соҳа

BCG Марказий Осиёга инвестиция киритиш учун қишлоқ хўжалиги, нефть-кимё ва туризмни устувор соҳалар деб ҳисобламоқда. BCG баҳолашига кўра, ахборот технологиялари, молия хизматлари, қурилиш, машинасозлик ва кимё саноатига етарлича инвестиция киритилмаган.

Ўтмиш мероси

Марказий Осиё мамлакатларига инвестициялар тарихан хомашё соҳасига йўналтирилган ва 59 фоизни ташкил этган. Аммо минтақанинг аксарият давлатларида иқтисодиётнинг нефть ва бошқа хомашё бозорига боғлиқлигини камайтиришга қаратилган кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Масалан, Ўзбекистон ташқи инвесторлар учун иқтисодиёт шаффофлигини ошириш бўйича чоралар кўрмоқда, Қозоғистон эса «Остона» халқаро молия марказини ташкил этиш ҳисобига глобал инвестицияларни жалб этишга эътибор қаратмоқда.

Хитойлик туристлар – устувор йўналиш

Хитой ва Россияга яқинлик Марказий Осиё мамлакатларининг туристик салоҳиятини амалга ошириш имконини беради, деб ҳисоблайди BCG экспертлари.

Жаҳон туризм ташкилотининг маълумот беришича, 2015-2017 йилларда хитойлик туристларнинг харажатлари 8,5 фоизга, йилига 261 млрд долларга, уларнинг сони эса йилига 135 млн кишига етган. Россиялик туристлар рубль қадрсизланиши ҳисобига хорижда камроқ пул сарфлашмоқда, оммавий туризм харитасида эса Марказий Осиё ҳозирча қайд этилмаган.

Хавотир юки

Марказий Осиё мамлакатларига инвестиция киритиш бошқа ривожланган ва ривожланаётган бозорларга нисбатан хавфлироқ, деган фикрни билдирган Forbes ўтказган сўровда қатнашган экспертлар.

Улар Марказий Осиёда тўртта хатарни ажратиб кўрсатишган: сиёсий босим, қўшнилар иқтисодиётига қарамлик, хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги ва хавфсизлик. Жаҳондаги асосий марказий банкларнинг стратегияси туфайли жаҳон иқтисодиётидаги кучлар мувозанати ўзгармоқда, аммо инвестиция учун кураш натижасини олдиндан айтиш қийин, дея хулоса қилишмоқда EIU таҳлилчилари.

Мавзуга оид