19:38 / 26.10.2018
7911

CNN: АҚШда посилкага жойланган 12-бомба топилди. У разведка хизмати собиқ директорига жўнатилган 

Фото: REUTERS

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари АҚШ миллий разведкаси собиқ директори Жеймс Клепперга жўнатилган портловчи қурилма солинган ўн иккинчи посилкани аниқлашди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.

Манба берган маълумотларга кўра, посилка Манхэттендаги почта жўнатмаларини саралаш марказида топилган.  

Қайд этилишича, унда Клэппернинг исми ва CNN таҳририятининг Нью-Йоркдаги манзили ёзилган. Клэппер ушбу телеканалда тез-тез шарҳловчи сифатида чиқиш қилади.

Фото: CNN 

Аввалроқ саккизта манзилга жўнатилган ўн битта портловчи қурилма топилганди. Улар актёр Роберт Де Ниро, молиячи Жорж Сорос, АҚШ собиқ давлат котиби Хиллари Клинтон, собиқ президент Барак Обама, МРБ собиқ директори Жон Бреннан, собиқ адлия вазири Эрик Холдер, вакиллар палатаси аъзоси Максин Уотерс ва собиқ вице-президент Жозеф Байденга жўнатилган. Уларнинг барчаси либерал қарашлари ва президент Дональд Трампни танқид қилишлари билан танилган.
АҚШ, бомба

Top