Жаҳон | 21:52 / 05.11.2018
12114
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Эронга киритилган санкциялардан холи давлат ва ҳудудларни маълум қилди

Фото: EPA-EFE/ABEDIN TAHERKENAREH

Қўшма Штатлар Греция, Ҳиндистон, Италия, Туркия, Корея Республикаси, Япония, Хитой ҳамда Тайванни Эронга киритилган "нефть" санкцияларидан чиқарди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео маълум қилди.

"Биз бир нечта мамлакат учун вақтинчалик истисно киритиш ва нефть бозоридаги юқори талабни таъминлашга қарор қилдик. АҚШ Эронга қарши санкциялар доирасида Хитой, Ҳиндистон, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Япония ваТайван учун истисно киритади. Бу давлатларнинг ҳар бири охирги олти ой ичида Эрондан нефть сотиб олишни сезиларли даражада камайтирди", - деди у.

Унинг таъкидлашича, АҚШ Эрон нефть импортини нолга тушириш учун бошқа давлатлар билан музокараларни давом эттирмоқда. 

"20дан ортиқ импортчи мамлакатлар Эрондан нефть сотиб олишни нолга туширди ва шу тарзда бозордан 1 млн баррел Эрон нефти чиқиб кетди. Май ойидан бугунга қадар Эрон режими нефть савдосида 2,5 млрд доллар даромад йўқотди", - деди Помпео.

Помпео шунингдек, "Бушер" АЭСи ва мамлакатдаги иккита ядровий лойиҳа санкцияларга тушмаслигини қўшимча қилди.

У назарда тутган икки лойиҳа Арак ва Фордодаги объектлар бўлиши мумкин. Бушердаги АЭС эса Россия томонидан қурилган бўлиб, бу объектга ядровий ёнилғи Россия томонидан етказиб берилади.

Мавзуга оид