Хоразмлик журналист ўзининг қўлга олиниши тафсилотларини сўзлаб берди
Хоразмлик журналист, Қўшкўпир туманида истиқомат қилаётган ва «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Давлатназар Рўзметов 29 октябрь куни ҳибсга олиниб, Қўшкўпир тумани маъмурий суди томонидан 7 суткалик қамоқ жазосига маҳкум қилинган эди.
5 ноябрь куни Рўзметов озодликка чиқди ва бўлиб ўтган воқеалар тўғрисида KUN.UZ мухбирига батафсил интервью берди.
«Аввало мени ва оиламни қўллаб-қувватлаб турган дўстларимга, ҳамкасбларимга ва умуман барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман. 29 октябрь куни Қўшкўпир тумани маъмурий суди ҳукмига асосан 7 суткага қамалдим. Муддат тугагач, Худога шукр, 5 ноябрь куни озод бўлдим» — деб сўзини бошлади Давлатназар Рўзметов.
«Бўлиб ўтган воқеа Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов билан орамизда юзага келган зиддият натижаси деб ҳисоблайман.
У билан иш жараёнимда танишганман. Жўрабек Раҳимов Боғот тумани ҳокими бўлиб ишлаганида мен журналистик суриштирувини ўтказиб, аҳоли учун мўлжалланган кўмирнинг ноқонуний равишда сотилаётгани ҳақида «Қоғоз билан исиниб бўлмайди», деган мақола ёзган эдим. Мақола 2018 йил 31 январь куни «Хоразм ёшлари» газетасида чоп этилди.
Шундан сўнг, Боғот тумани ИИБ терговчиси газетамиз муҳаррири Эрпўлат Бахтга босим ўтказишга, уни хориждагилар билан алоқадорликда, у ердан моддий ёрдам олаётганликда айблашга уриниб кўрди. Бироқ, ҳеч нарса қилолмади.
Орадан бироз вақт ўтгач, Жўрабек Раҳимов Қўшкўпир туманига ҳоким қилиб тайинланди.
25 октябрь куни дўстим қизини узатаётгани туфайли, тўйга бордим. Даврада ўтириб, бир пиёла ароқ ичдим. Суҳбатлашиб ўтирганимизда, менга қўнғироқ бўлди. Қўшкўпир тумани ҳокимиятида ўқитувчи ва шифокорларни пахтага жалб қилиш масаласи кўрилаётганини эшитдим. Кейин тезда мажлисга етиб келдим. Мажлислар залининг эшиги олдида 3-4 нафар йигит турган экан.
Ичкарига кирмоқчи бўлганимда, орготдел бошлиғи Баҳодир деган йигит тўсқинлик қилишга уринди. Шунда ҳоким биз тортишиб турганимизни эшитиб: «Сиз нима қилиб юрибсиз?» деб сўради. Мен «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосариман, бу очиқ мажлисми ёки ёпиқми? Агар очиқ бўлса, кириб ўтирмоқчиман, ёпиқ бўлса чиқиб кетавераман», — дедим. «Очиқ мажлис, ўтиринг», — деди. Мен ўтирдим. Шунда ҳоким: «Қисқаси, бор гап шу, бошқа нарсаларни эртага сўзлашамиз, мажлис тамом», — деди ва чиқиб кетди. Орқасидан бориб, ҳоким олдига кирмоқчи эдим, рухсат беришмади.
Шу пайт фуқаролик кийимидаги икки йигит қўлимни қайириб, ташқарига олиб чиқиб кетди. Куч билан «DAMAS» машинасига ўтқазишди. Улардан бири «Сен кимсан?», — деди. Гувоҳномамни кўрсатиб: «Мен журналистман, газета муҳаррири ўринбосариман», — дедим. «Нега бурнимга гувоҳномангни тиқиштирасан», — деди ва кутилмаганда қорнимга мушт туширди. «Сенга ким ҳуқуқ берди бундай қилишга?», — деди. «Менга қонун ҳуқуқ берган, президент ҳуқуқ берган», — дедим. «Сен менинг совунимга кир ювмабсан, энди даф бўласан, сен кимлар билан ўйнашганингни биласанми?», — деди. Бу йигит ўзини таништирмади, аммо унинг кимлигини кейинчалик билиб олдим.
Шундан сўнг, кечки соат 22.00 атрофида Қўшкўпир тумани марказий шифохонасига олиб боришди. Навбатчи шифокор менга «қўлингни бурнингга теккиз, юқорига кўтар, пастга тушир, ўтир, тур», деган буйруқлар билан мастлик даражамни текшириб кўрди. Мен маст ҳолатда эмасдим ва унга «қон таҳлили олинглар, мастлик даражаси маълум бўлади», — дедим. Шунда шифокор кулди ва хонадан чиқиб туришимни сўради. Йўлакда туриб, шифокорнинг хонадаги сўзларини эшитиб турдим. Шифокор мени олиб келган ИИБ ходимига: «Буни нима қилмоқчисизлар?», — деб сўради. ИИБ ходими: «Буни ҳушёрхонага олиб бориш керак, хулоса ёзиб беринг», — деди. Шифокор унга: «Агар бундан қон таҳлили олиб, текшириб, хулоса берсам, ҳушёрхона буни қабул қилмайди. Ичган бўлиши мумкин, лекин мастлик даражаси жуда паст. Қон олиш учун менда асос бўлиши керак, хатти-ҳаракатлари бежо бўлиши керак, шубҳали бўлиши керак. Бундан қон олмайман», — деди.
Кейин Қўшкўпир тумани ИИБ биносига олиб кетишди ва жиноят қидирув бўлими бошлиғи хонасига олиб киришди. У ерда мени «DAMAS» автомобили ичида урган шахсни кўрдим. Ходимлар уни «Журъат оға», деб чақиришларидан, исмини ҳам билиб олдим. Кирганим заҳоти у мени қаттиқ тепди. Тентираб кетдим, телефоним ҳам тушиб кетди. Журъат телефонни қўлига олиб, «Кодни айт», — деди. Айтдим. Кейин телефонимдаги ёзишмаларни ўқиди. Шундан сўнг, яна бир ходим билан телефонимдаги материалларни ўчира бошлади. Унда Қўшкўпир туманидаги шикоятлар бўйича ўрганилган материаллар, интервью видеолари, хусусан, ҳоким мажлисида туширилган воқеалар ҳам бор эди. 1,5 соат вақт давомида барча материалларни ўчиришди.
Шундан сўнг, Журъат: «Қисқаси, ичганман деб яхшиликча ёзасанми ё бўлмаса яна «ишлаймизми»? Агар тонсанг, сени узоқ муддатга «тиқаман», ҳозирни ўзида чўнтагингга «ташлайман». Яхшиликча ёз, «ичганман, кириб мажлисни буздим», деб ёз», — деди.
Мен: «Майли, ёзаман, аммо бир кун келиб чиқаман-ку?» — дедим. «Менга дўқ урма!» — деб қорнимга яна бир зарба туширди. Шундан сўнг айтганларини ёзиб беришга мажбур бўлдим.
Кейин мени Хива туманидаги наркология диспансерига олиб боришди. У ерда шифокор мени қабул қилишни истамади. Чунки мастлигим ҳақида Қўшкўпир тумани шифокори хулосаси йўқ эди. Ҳушёрхонага топшириш учун одам уйини тополмайдиган даражада маст бўлиши керак экан. Мени олиб борган участка нозири шифокорни ким биландир телефонда гаплаштирди, менимча, Журъат билан. Кейин ҳушёрхона олиб қолишга рози бўлди.
Шундан сўнг, профилактика инспектори мени четга тортиб: «Давлат оға, ҳеч қаерга шикоят қилманг, бўлиб ўтган воқеаларни ошкор қилманг, бор гап шу ерда қолсин. Ёшуллини айтганига қарамай, сизни қўйиб юборамиз. Сизга ҳеч нарса бўлмайди, жаримага ҳам тортилмайсиз. Сизга эътирозимиз йўқ, эртага қўйиб юборишади, фақат келишайлик», — деди. Мен ҳеч қаерга шикоят қилмасликка рози бўлдим.
Эрталаб ҳушёрхонадан чиқиб, ишга кетдим. Орадан бир неча кун ўтди. 29 октябрь куни Урганч шаҳрида ўтказилаётган халқаро математика олимпиадасини ёритиш учун бордим. Шунда профилактика инспектори менга қўнғироқ қилиб, қаердалигимни сўради. «Урганчдаман», деганимдан сўнг, Қўшкўпир тумани ИИБ ходимлари етиб келишди. «Сизни туман ИИБ бошлиғи Темур оға чақиряпти. Бир оғиз гапи бор экан, кейин қайтиб келасиз. Ўзимиз опкеламиз, тезда қайтасиз», — дейишди.
Машинага ўтирганимиздан сўнг, судга олиб кетишаётганини билдим. Бундан ҳайрон қолдим, чунки менга ҳеч қандай чақирув қоғози кўрсатилмади.
Қўшкўпир тумани маъмурий судига бордик. Участка нозири менга ижро варақаси деган ҳужжатга имзо қўйдирмоқчи бўлди. Шунда иш жиддий тус олганини, мени қамашмоқчи эканини тушундим. Аммо, имзо чекишдан бош тортдим.
Соат 16:30да суд бошланди. Унда прокурор қатнашди, ҳокимиятда ишлайдиган уч йигит гувоҳ сифатида иштирок этишди. Дастлаб сўз менга берилди.
Мен суд раисига мурожаат қилиб, менга ҳеч ким маъмурий судланишим ҳақида хабар бермаганини, чақирув қоғози юборилмаганини, иш жойимдан алдаб олиб кетишганини, судга кетаётганимни йўлда билганимни айтдим. Менда ҳам ўзимни ҳимоя қилиш ҳуқуқи бўлса керак?
Суд раиси мендан: «Ахир сиз бугун ичмаганмисиз? (ҳозиргина ушлаб келишмадими, деган маънода)», — деб сўради. «Ўзингизни ўзингиз ҳимоя қила оласизми ё адвокат керакми?», — деди. «Ўзимни ўзим ҳимоя қиламан, аммо мен гувоҳларимни олиб келишим мумкин эди. Телефонда исботларим бор эди, уни ўчириб ташлашди. Бу маълумотларни тиклаш учун вақт керак эди», — дедим.
«Бундан ташқари, мана прокурор ёнида айтишим мумкин, Журъат исмли ходим мени уриб, ўз айбимга иқрорлигимни мажбурлаб ёздирди. Мен ҳеч кимни сўкмадим, ҳақорат қилмадим. Ўзимни айбсиз деб ҳисоблайман. Айбим — тўйда бир пиёла ароқ ичганим бўлиши мумкин, бундан бошқа айбим йўқ», — дедим.
Кейин гувоҳларнинг кўрсатмалари эшитилди. Улардан бири мени залга кириб «Ҳаммани ёраман!» (боплайман) деб бақирди» — деб кўрсатма берди. Мен суд раисига мурожаат қилиб, кимдан сўрасангиз сўранг, менинг луғатимда «ёраман» деган сўз йўқ, мен «добрдатаман» деган сўзни ишлатаман, буни залга кирмасдан олдин айтганман. Бу билан бировни ҳақорат қилишни кўзламадим, балки журналистик текширувини ўтказишни ўз шевамда шундай изоҳладим, холос», — дедим.
Суд раисига бу гувоҳлар ҳокимиятда ишлайдиган ходим эканини, улар ҳокимият нуқтаи назарига қарши гапирмаслигини айтдим. Ҳокимият ходими бўлмаган бошқа гувоҳларни олиб келишга имконият беришини сўрадим. Бироқ, бу илтимосимга эътибор берилмади.
Суд якунида прокурор мени «ўта хавфли ҳаракатларни содир қилгани, жамоатчилик тинчини бузгани» учун Маъмурий жавобгарлик ҳақидаги кодекснинг 183-моддасига асосан 15 суткага қамашни сўради. Суд раиси 7 сутка берди. Шу ернинг ўзида қўлимга кишан солинди.
Ташқарига чиққанимизда, ИИБ ходимларидан уйдагилар билан боғланишимга рухсат беришларини, нима воқеа юз берганини айтиб беришим кераклигини, уларни хабардор қилишим лозимлигини илтимос қилдим. Аммо, рухсат беришмади.
«Нимага менга нисбатан бундай ноҳақлик қиляпсизлар, нега мени қамаяпсизлар?» — деб сўрасам, профилактика инспектори — участка нозири: «Бу иш ҳокимият аризаси билан қилинди», — деди.
Шундан сўнг, мени Қўшкўпир тумани ИИБ биносига олиб боришди. У ерда бошлиқ ўринбосари қандайдир қоғозга имзо чекиши керак экан. Қўлимда кишан билан хонасига олиб киришди. Ёш йигит экан. У ёнимга келиб: «Хўш, суд бўлдими? Сен ўзи нима қилиб юрибсан», — деди ва қорнимга мушт туширди. Икки букланиб қолдим. «Қўлимга тушдинг, энди бир йил назоратимда турасан», — деди. Яна бир мушт туширмоқчи бўлганида, телефон жиринглаб қолди. Шундан сўнг, бизни хонасидан чиқариб юборди.
Кейин Хазорасп тумани ИИБ биносидаги изоляторга олиб боришди. 7 кунлик қамоқ жазосини ўша ерда ўташим керак экан, чунки Қўшкўпир тумани ИИБ изоляторида жой йўқ экан.
Қамоқдаги дастлабки куниёқ «энди тамом бўлдинг, бу ердан озодликка чиқмайсан», деган гапларни эшитдим. Аммо, бир кун ўтгач, вазият ўзгарди, анча юмшади. Кейин билсам, мен ҳақимда KUN.UZ сайтида хабар чиққан экан. Буни ИИБ ходимидан эшитдим. «Давлат оға, KUN.UZ сиз ҳақингизда ёзибди», — деди.
Қамоқхонада менга нисбатан тазйиқ ёки босим уюштирилмади. Ҳеч қандай қийноққа солинмадим. 7 кундан сўнг озод қилиндим. Ҳибсда ўтирганимда тақдири меникига ўхшаш одамларни учратдим, улар билан гаплашдим. Бу ҳақдаги таассуротларим — алоҳида мавзу.
Озод бўлганимдан сўнг, кўплаб одамлар менинг тақдирим билан қизиққани, қайғурганини эшитдим, улардан миннатдорман.
Маъмурий жавобгарлик ҳақидаги кодексини ўрганиб чиқдим, ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашдим. Аслида, 183-модда билан менга қўйилган айб жуда кулгили. Майда безориликда айбланиш учун аввало жабрланувчи бўлиши керак, у ариза ёзиши керак. «Мени сўкди, урди, шилқимлик қилди», — деб кўрсатма бериши керак экан. Ёки жамоат тартибини қўпол равишда бузган бўлишим, бирор нарсани отиб юборишим, синдиришим керак экан. Бу ишларни қилмаганман.
Суд қарорини олгач, дарҳол апелляция бериб, оқланишимни талаб қилмоқчиман. Ҳуқуқшунос танишларим, адвокатлар менга беғараз ёрдам беришга тайёр эканини билдиришган. Ҳеч қандай айбсиз жазоланганимга ишончим комил.
Энди ўз ишимни, журналистик фаолиятимни давом эттираман», — деб сўзларини якунлади Давлатназар Рўзметов.
Нурмуҳаммад Саид суҳбатлашди
Таҳририятдан: Албатта, ўз хизмат вазифасини адо этаётган журналистга ички ишлар идоралари ходимларининг бундай муносабатда бўлиши хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ҳисобланади. KUN.UZ мазкур воқеани ўрганишда давом этади ва ҳақиқатнинг қарор топишида Хоразм вилоят ички ишлар бошқармасининг кўмагига таянишдан умид қилади.
Мавзуга оид
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
10:50 / 28.10.2024
Хоразмда айрим лойиҳалар учун Полша технология ва инвестициялари жалб қилинади
16:26 / 16.10.2024
Хоразмда яна рейдерлик. Шоликорлар ҳосилини тортиб олиш оммавий тус олганми?
18:40 / 18.09.2024