Жамият | 20:10 / 09.11.2018
34810
7 дақиқада ўқилади

Марғилонлик нафси ҳакалак отган «ҳотамтойлар»

Ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идоралар ходимлари Марғилонда "ҳотамтойлик" борасида кўз кўриб қу­лоқ эшитмаган усул "кашф" этилганини аниқладилар.  

Гап Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жам­ғармаси Марғилон шаҳар бўлими бошлиғи А.Раҳмонов, аввал бўлим бошлиғи ўринбосари ва кейинчалик бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган Н.Мирзаев, пенсия ва нафақалар тайинлаш гуруҳи раҳбари Ф.Мадалиев, гуруҳ мутахассиси Э.Якубов, пенсия ва нафақаларни тўлаш устидан мониторинг гуруҳи бош мутахассиси О.Абдураҳмонов, мониторинг гуруҳи мутахассислари Б.Суяров, М.Каримов, Ю.Ваҳобов, ҳисобчи ёрдамчиси С.Нуриддинов, бў­лим иш юритувчиси Б.Усмонов, электрон ҳисоблаш машиналари муҳандиси Б.Мирзааҳмедов, "Агробанк"нинг Марғилон филиали пластик карталар билан таъминлаш бўлими мутахассиси М.Олимов, "Халқ банки"нинг Мар­ғилон филиали плас­тик карталар билан ишлаш бўлими мутахассиси О.Раҳмонов, "Миллийбанк"нинг Марғилон филиали пластик карталар билан ишлаш бўлими мутахассиси А.Ҳакимов, шаҳар 6-алоқа бўлими бошлиғи Ш. Қодиров ва 1-алоқа бўлими хабарчиси Н.Холматовдан иборат жиноий гуруҳнинг қилмишлари ҳақида бормоқда.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси қа­рори билан тасдиқланган "Давлат пенсияларини та­йинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 171-банди 1-хатбошисига мувофиқ, пенсионер вафот этганда пенсия тўлаш тўхтатилади.

Мазкур уюшган жиноий гу­руҳ аъзолари эса, 2012 йил 1 майдан 2016 йил 1 сентябргача бўлган турли муддатларда "Пенсия ПК" электрон дас­турига сох­та маълумотларни киритиб, шу асосида тўлов ҳужжатларини тузган.

Сўнг­ра муқаддам вафот этган 220 нафар шахсга банк пластик карталари ва алоқа бўлимлари орқали 2 мил­лиард 182 миллион 855 минг сўм миқдорида пенсия тўловини амалга оширган.

Бундан ташқари, жиноий гуруҳ аъ­золари яна "Пенсия ПК" электрон дастурига сохта маълумотларни киритиб ва тўлов ҳужжатларини тузиб, қайд этилган манзилда яшамайдиган ёки фамилияси, исми ва туғилган йиллари ўз­гартилган 142 нафар фуқарога 1 миллиард 674 миллион 350 минг сўм пенсия тўловини банк плас­тик карталари ва алоқа бўлимлари орқали амалга оширган. Тўғрироғи, мазкур маблағни ҳам ўзлаштиришган.

Улар яна ҳужжатларни сохталаштирган ҳолда, 2013 йилда Россия Федерация­сига доимий яшаш учун кўчиб кетган уч нафар фуқаро номига жами 24 215 900 сўм пенсия пулларини тўловга қаратиб, бу маблағларни шахсий манфаатлари йўлида ўзлаштиришган.  

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Улар ҳужжатларида хато ва камчиликлар борлиги боис пенсияси тўхтатилган 7 нафар фуқарога ҳам пенсия тўлашни давом эттирган. Натижада 83 миллион 75 минг сўм бюджет маблағи уларнинг ҳамёнларига келиб тушган.

Бу ҳам етмагандек, 2012 йил 1 сентябрдан 2015 йил 1 январгача бўлган вақт мобайнида аслида иш жойидан пенсия тўланаётган 48 нафар фуқарога бўлим томонидан ҳам 238 миллион 321 миллион сўм миқдорида пенсия тўланишига эришганлар. Бу пулларни банк пластик карточкаларига тушириб, сўнг ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлашган.

2015 йил 18 февралда А. Раҳмонов ёшга доир пенсияга чиқади. Унинг ўринбосари Н.Мирзаев бўлим бошлиғи этиб тайинланади ва у ҳам собиқ бошлиғининг қилмишларини ортиғи билан давом эттиради.

Бу кирдикорлар юзасидан Жи­ноят­ кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”, “в”, “г” бандлари, 209-моддаси 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўз­­ғатилди. Жиноят ишлари бўйича Мар­ғилон шаҳар суди ҳар бир айбдорга қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.

Тергов жараёнида жиноятчилар томонидан давлат бюджетига етказилган зарар қисман қопланди. Шу боис суд ҳукмида моддий зарарнинг қолган қис­ми улардан солидар тартибда ундири­лиши белгиланди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Мар­ғилонда нақд тўрт йил мобайнида шунча талон-торожликлар содир этилади-ю, наҳотки буни Молия вазирлигининг Фарғона вилояти назорат-тафтиш бош­қармаси ёки Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси мутасадди ва масъуллари билишмаган?!.

Ваҳоланки, тафтишчилар томонидан бюджет маблағларининг мақсадли сарф­ланиши ҳар йили ўрганилиб, текширилиб борилади-ку.

Шунинг учун суд ҳар иккала бош­қар­манинг айбдор масъул ходимлари ҳам­да суд тергови жараёнида аниқланган ҳолатлар бўйича яна бир қатор шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал қилиш юзасидан хусусий ажрим чиқариб, Фарғона вилоят прокуратурасига юборди.

Прокуратура органлари томонидан олиб борилган қўшимча тергов-суриштирув ҳаракатлари натижасида эса, жиноий гуруҳдаги яна 8 нафар шахс — бў­лимнинг пенсия ва нафақаларни та­йин­лаш гуруҳи мутахассислари О.Мадаминова, Х.Абдуллаев, Н.Аҳмаджонов, Ғ. Акбаров, пенсия ва нафақалар тўланиши устидан мониторинг гуруҳи мутахассислари М.Юсупходжаев, У.Қодиров, шаҳардаги 7-алоқа бўлими хабарчиси Х.Шокиров, АТ "Қишлоққурилишбанк"нинг Марғилон филиали пластик карталар билан ишлаш бўлими мутахассиси А.Ҳошимовлар билан "ҳамкор­лик"­да содир этган қилмишлари фош этилди.

Жум­ла­дан, марғилонлик "ҳо­тамтойлар" аслида мавжуд бўлмаган фуқароларга, яъни А.Сўпижоновга 24 516 410 сўм, М.Алимовга 23 977 841 сўм, М.Жавлоновга 18 928 722 сўм, А.Ҳакимжоновга 18 201 739 сўм, Т.Мирзаевага 16 538 064 сўм "пенсия беришган". Уларнинг "сахийлиги" туфайли жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган А.Тоҳиров ва Ж.Басапоқуловлар ҳам 2016 йилнинг май-сентябрь ойларида 3 617 170 сўм пенсия олишга "улгурган".  

Айбдорлар аввалги текширишда аниқланмаган яна 700 миллион 152 минг сўм бюджет маблағини туя қилгани, жами ўзлаштирилиб, талон-торож қилинган маблағ қарийб 5 миллиард сўм эканлиги аён бўлди. Оқибатда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бў­йича Фарғона вилоят суди томонидан қонуний жа­зо тайинланди.

Шу тарзда на қонундан, на ўзгаларнинг ҳақидан қўрққан бир гуруҳ уюшган жиноий шерикларнинг қабиҳ фаолиятига чек қўйилди.

Мансуржон ИБРАГИМОВ,
жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг раиси.

Мавзуга оид