Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Фаластиндаги вазият

Ғазода тинчлик ҳукмрон бўлган бир пайтда Исроил ҳарбийлари Ғарбий соҳилдаги Себастия шаҳрида 14 ёшли фаластинлик ўспирин Аҳмад Жазарни отиб ўлдирди. Жазар дўстлари билан бирга турганида 600 метр масофадан снайпер ўқининг нишонига айланди. Ҳалок бўлган ўспиринга ёрдам беришга уринган дўстлари ҳам ўққа тутилган.

Бу воқеа ҲАМАС ва Исроил ўртасида отишмаларни тўхтатиш келишуви кучга кирганидан икки кун ўтиб содир бўлди. Биргина 21 январ куни Ғарбий соҳилдаги рейдларда 10 нафар фаластинлик ўлдирилди.

Сулҳ келишуви кучга кирганига қарамай, Исроил Женийн шаҳрида кенг кўламли ҳарбий операция ўтказди. Операция давомида 9 фаластинлик ҳалок бўлди, 60 дан ортиқ киши ҳибсга олинди. Инфратузилмалар бузилди, фуқароларнинг мол-мулкига зиён етказилди.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2024 йил давомида Исроил кучлари Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида 93 фаластинлик болани ўлдирган, уларнинг аксари ўқотар қуролдан ҳалок бўлган.

Оташкесим келишувидан сўнг Ғазода Исроил ҳарбийлари томонидан қўриқланган ҳудудларда қурбонларни излаш ишлари бошланди. Бир кун ичида 66 та жасад топилди. Икки куни ичида бу рақам 120 тага етди.

Қайд этилишича, 15 ойлик отишмалар ва бомбалашлар мобайнида 11 мингдан ортиқ фаластинлик бедарак йўқолган. Улардан бирон бир хабар кутаётган қариндошлари излаш ишлари жойларига йиғилмоқда.

Исроил армияси раҳбарлари истеъфо берди

Исроил Бош штаби бошлиғи Ҳерци Ҳалеви 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумларини тўхтата олмаганини тан олиб, 2024 йил 6 март куни истеъфога чиқиш ниятини маълум қилди. Унинг ваколатлари режалаштирилганидан 10 ой олдин якунланади. Ҳалеви икки йил-у икки ой армияга раҳбарлик қилди.

Ҳалеви ортидан Жанубий округ қўмондони Ярон Финкелман ҳам истеъфога чиқишини эълон қилди. У Ғазо секторини ҳимоя қилишда муваффақиятсизликка учраганини таъкидлаб: «Бу муваффақиятсизлик умрбод хотирамда қолади», — деб баёнот берди.

Истеъфолар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги отишмаларни тўхтатиш ва асирларни алмашиш жараёнидан уч кун ўтиб юз берди.