Тарихий шаҳарларда Duty Free дўконларини очиш режалаштирилмоқда
2025 йилгача туризм соҳасини ривожлантириш концепцияси лойиҳасида бизнес учун катта ишлар ҳажми назарда тутилган. Меҳмонхоналар, ресторанлар қуриш, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш – ташаббуслар рўйхати бу билан чекланмайди, уларни амалга ошириш учун тадбиркорлар фаол қатнашиши ва креатив ёндашиши талаб этилади, деб ёзмоқда Norma.
Катта қурилиш
4,5 мингта номерни ўз ичига оладиган ва 9,5 мингта кишига мўлжалланган меҳмонхоналар ва хостелларни қуриш кўзланмоқда. Ушбу мақсадни рўёбга чиқариш учун қуйидагилар режалаштирилмоқда:
• меҳмонхоналар ва бошқа туристик инфратузилма объектларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш механизмини имкон қадар соддалаштириш;
• хизматлар сифатини ошириш мақсадида тадбиркорлар учун меҳмонхона бизнесида рағбатлантирувчи шарт-шароитларни яратиш;
• жаҳонга машҳур меҳмонхона бизнеси брендларини Ўзбекистонга жалб этишни рағбатлантириш.
«Олтин ҳалқа» принципи бўйича Фарғона вилояти туристик салоҳияти концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Минтақанинг туристик салоҳияти инфратузилма объектлари, шу жумладан меҳмонхоналар, умумий овқатланиш пунктлари ва йўлларни қуриш орқали ривожлантирилади.
Барча турдаги йўловчи транспортининг республика ичидаги ва халқаро янги рейсларини очган ҳолда туристларга транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Танлаш имкони бўлади
Ўзбекистонда энг оммабоп туризм тури – археологик ва архитектура ёдгорликлари бўйлаб саёҳат. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқа йўналишларни ривожлантиришда мамлакат салоҳиятидан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни кўриш ниятида. Ушбу вазифани ҳал қилишда ҳам тадбиркорларнинг фаол иштироки талаб этилади.
Тиббий, спорт, агро- ва қишлоқ туризми ривожлантирилади. Айдаркўл (Жиззах ва Навоий вилоятлари), Тўдакўл (Навоий вилояти) ва Учқизил (Сурхондарё вилояти) кўлларида дам олиш шароитлари яхшиланади.
Қишлоқ жойларда «туристик маҳаллалар» пайдо бўлиши мумкин. Улар саёҳатчиларни анъанавий турмуш тарзи, ҳунарлар, миллий таомлар билан таништиришга мўлжалланган қишлоқ ва этнографик турларга киритилади.
«Шопинг-туризм»ни ривожлантириш кўзланмоқда. Ушбу лойиҳа Божхона кодексига божсиз савдо (Duty Free) дўконлари фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этади. Тарихий шаҳарлар (Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз) ва минтақаларнинг маъмурий марказларида ана шундай савдо шохобчалари пайдо бўлиши керак. Бренд кийимлар, косметика ва аксессуарлар сотиладиган савдо-кўнгилочар комплекслари ва бутиклар ташкил этишни рағбатлантириш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон учинчи мамлакатлар фуқаролари учун ягона виза жорий этиши мумкин экани хабар берилганди.
Мавзуга оид
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024
2024 йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони маълум қилинди
17:47 / 15.10.2024