Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети таркибида Ўзбек-Беларус қўшма “Инновацион педагогика” факультетини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети таркибида Беларус давлатининг Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университети билан ҳамкорликдаги Ўзбек-Беларус қўшма “Инновацион педагогика” факультетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Қуйидагилар факультет фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
узлуксиз таълим тизими муассасалари учун юқори малакали педагог кадрларни миллий ва халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
педагогик таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;
юртимизнинг педагогика фани бўйича қадимдан ривожланиб келган ютуқлари, хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибаси ва республика таълим муассасаларининг талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича ўқув-услубий адабиётларни яратиш;
ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида педагогика соҳасидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларига истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали факультетнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.
Белгилаб қўйилишича:
факультет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълимнинг асосий йўналиш (мутахассислик)лари бўйича бакалавр ва магистрлар, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади;
факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус тилида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университетида қабул қилинган таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади;















